«Инсон ҳаёти ва жамият ривожида муқаддас Она зоти, мунис аёлларимизнинг беқиёс ўрнини, оддий сўзлар билан ифода этиш, ниҳоятда қийин вазифа. Мана шундай пайтда, Сиз азизларнинг шаънингизга мадҳиялар айтиш учун, одам шоир бўлиб туғилмаганига афсусланиб қолади», — дея Шавкат Мирзиёевнинг сўзларини келтирмоқда «Газета.uz» мухбири.

«Мураккаб пандемия шароитида, сизлар — фидойи шифокорлар, меҳрибон ҳамширалар кўрсатган жасорат ва матонат туфайли, минг-минглаб беморлар даво топди. Сизларнинг устоз сифатидаги фаолиятингиз эвазига, миллионлаб фарзандларимиз, таълим ва тарбиядан узилиб қолмади», — деди президент.

Шавкат Мирзиёев маросимда иштирок этаётган хорижий давлатларнинг элчилари ва халқаро ташкилотлар вакилларини ҳам қутлади.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, давлат рахбари ёшлар оила қуришда масъулият билан ёндашишлари кераклигини таъкидлади.

«Оила — меҳр ва бахт қўрғони. Оила бор экан, фарзанд деган бебаҳо неъмат бор, инсоний қадр-қиммат ва маънавият бор. Оилавий бахт бу — энг улуғ саодатдир. Машҳур қўшиқлардан бирида айтилганидек, „Уйида бахти борлар ҳар ерда бахтиёрдир“. Мен азиз йигит-қизларимизга мурожаат қилиб айтмоқчиман: турмуш қуришга, оилага, фарзанд тақдирига ниҳоятда чуқур масъулият билан қаранг. Бу масалага юзаки ёндашиб, ҳам ўзингиз, ҳам ўзга бир инсон ҳаётини хавф остига қўйманг», — дея айтди Шавкат Мирзиёев.