Фото: Зума Мирзалиева / «Газета.uz»
Тошкент — тўсиқлар шаҳри
Имконият бўлиши билан ҳамма жойни тўсиқ билан ўраб олишни яхши кўрамиз. Ўраб қўйилган университетлар бизга мамлакатда олий маълумот, тиббиёт муассасалари - уларнинг хизматлари, давлат идоралари – амалдорларнинг одамларга нақадар яқинлигига ишора қилади. Тўсиқлар "ўзимизникилар"ни "бегоналар"дан ажратиб туради. Нима учун улар бунчалик кўп, уларга муқобил ечим борми ва уларни қаерларда қолдириш мумкин - дизайнер Азамат Шамузафаров мақоласида.
Мақоланинг жуда қисқа тафсилоти (очиш)
Тўсиқларни энг осон ечим шу бўлгани учун ўрнатиб қўяқолишади. Қонун ишламайди, тўсиқлар ишлайверади. Лекин улар жудаям кўпайиб кетди. Сон-саноқсиз тўсиқларни нима қилсак бўлади? Уларнинг қайсиларини олиб ташлаш ва нима билан алмаштириш, қаерларда эса уларни қолдириш керак?

Бу ишда амалдорлар намуна бўлишлари ва ишни панжаралар билан ўраб ташланган ҳокимиятлардан бошлаш керак. Кейин истисноли рўйхатдан жой олмаган бошқа давлат бинолари ва ҳудудлари тўсиқлардан халос бўлиши керак. Чунки баъзан тўсиқлар ҳақиқатан ҳам керак бўлади.
Ф
ақат табиат ва инсон бор, барча чегаралар аслида бизнинг онгимизда. Аммо биз уларни том маънода ҳақиқатан ҳам мавжуд бўлишлари учун ўрнатамиз.

Тўсиқларнинг инсон руҳий ҳолатига таъсири тўғрисида кўплаб тадқиқотлар мавжуд. Асосан, ушбу тадқиқотлар икки давлат чегарасида деворлар қурилиши тўғрисида. Исроил ва Фаластин ўнлаб йиллар давомида ўз ҳудудлари бўйича келиша олмаяпти. АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп сайлов кампаниясида Мексика билан чегарада девор қуришга ваъда берган эди. Бир кечада Берлин девори "ўзимизникилар"ни "бегоналар"дан ажратиб қўйди.

Бутун дунё бўйлаб чегара деворларини ўрганган Корнелл университети социологи Кристин Лойенбергернинг таъкидлашича, назорат пунктларидаги сўроқлар инсонда таҳқирланиш, инкор қилиниш, ғазаб ёки тажовузкорлик туйғуларини келтириб чиқариши мумкин экан.

Аммо биз чегараларни нафақат икки давлатнинг туташган жойида, балки битта мамлакат, шаҳар ва ҳатто кўчаларда қурмоқдамиз. Баъзи тўсиқларни ҳақиқатан ҳам ўрнатмасликнинг иложи йўқ. Тошкентга бир назар ташлайлик.

Кўп қаватли уйларнинг ҳовлиларида, кўчалар бўйида, ҳокимликлар, университетлар ва ҳатто ресторанларнинг атрофида тўсиқларни кўриш мумкин. Тўсиқ борлиги туфайли керакли жойдан йўлни кесиб ўтолмаётганингизда нимани ҳис қиласиз? Йўл четидаги тўсиқларни айланиб ўтишга тўғри келганида қандай фикрлар пайдо бўлади? Назорат-ўтказиш пункти (НЎП) орқали аудиторияга кириш керак бўлса, сиз муассасангиз деворлари бўйлаб айланиб ўтиш учун қанча вақт сарфлайсиз? Ижро ҳокимияти мутахассиси иш бўйича хизмат хонасига чақирса, кутишга сарфланган бир неча дақиқаларни совуқда ўтказишга қандай қарайсиз?

Шаҳримизда тўсиқлар ҳаддан зиёд кўп. Келинг, нима учун биз улар орасида яшашни бошлаганимиз ҳақида суҳбатлашайлик.
Нима учун тўсиқлар бунчалик кўп
Тўсиқ, бу - кўплаб муаммолардан халос бўлишнинг энг оддий ва тақиқланмаган усули.

Унинг ёрдамида бирор ҳудудга киришни тақиқлаш ёки муайян чегарани белгилаш мумкин. Тўсиқ ўрнатилган бўлса, демак болаларни ўша ҳудуддан ҳайдаб юришингизга ҳожат қолмайди. Пиёдалар йўлни белгиланмаган жойдан кесиб ўтмайди, ўтиш қисмини одамлардан тўсиб қўйсангиз бас. Энг асосийси, бинойингиз тўсиқлар билан ҳимояланган бўлса, ҳар доим тинчроқ бўлади.

Бошқаларга ўзларини кўчада қандай тутиш кераклигини ўргатишга куч сарфлаш бизга хос хусусият эмас. Амалдорлар майсалар устида юриш мумкинлиги, университетлар атрофи панжаралар билан ўраб қўйиладиган жой эмаслиги, пиёдаларни ҳайдовчилардан темирлар билан эмас, балки бута ёки очиқ майдон билан ҳам ажратишнинг иложи борлигини хаёлларига ҳам келтирмайдилар. Яхшироқ қилиш эмас, балки осонроқ йўлдан боришни маъқул кўрамиз.

Пойтахтда шундай объектлар борки, уларни кетма-кет жойлаштирилган тўрт-бешта панжаралар ортидан томоша қилиш мумкин. Аммо шаҳарни панжаралар ортидан эмас, эркин ҳолда томоша қилиш яхшироқ.

Камроқ тўсиқ – кўпроқ соғлом фикрлар.

Мирзо Улуғбек шоҳ кўчасидаги собиқ "Ташсельмаш" бозори ўрнига барпо этилган янги майдондаги қатор тўсиқлар.
Мао Цзэдун Буюк Хитой девори ҳақида "сўзлайди"
Деворнинг ойдан кўриниши ҳақидаги афсона XVIII асрга тўғри келади. Аслида девор ўша масофадан кўринадиган даражада кенг эмас. Идеал шароитда уни паст Ер орбитасидангина кўриш мумкин.
Академик В.Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази
Фантастик маҳлуқотлар ва уларни қаерда сақлашади?
Томорқали «Хрущёвка»
Деярли ҳар бир «Хрущёвка» уйнинг ҳовлисида кичик-кичик томорқачаларни кўриш мумкин. Одатда улар ўраб қўйилган. Битта шундай уйнинг ўзида бир неча кўринишдаги тўсиқларни учратасиз. Тўсиқлар келишув асосида ўрнатилмайди, шунинг учун уларнинг ҳажми, ранги ва кўриниши ҳар хил. Бундай уйни қуроқ кўрпага ўхшатиш мумкин, панжараларнинг хилма-хиллиги эса манзарани хунук қилиб кўрсатади ва турар жой нархини арзонлаштиради.

Кўп миллионли шаҳарда боғга очиладиган эшиги бўлган квартирада яшаш кимга ёқмайди дейсиз. Биринчи қаватлардаги квартиралар олдида жойлашган мўъжазгина боғчалар уй эгаларига дахлсизлик ҳиссини бахшида этади. Бу ерда кўчадан тўғри уйга кириш учун эшик очиш, тоза ҳавода дам олиш учун шароит яратиб қўйиш мумкин.

Бунда меъморий ечимдан Европа шаҳарларида кенг фойдаланишади. Бу услубдан нафақат янги уйлар ва янги мавзелар, балки ГДРда ҳам тарқалган оддий «хрущёвка» уйларига қўлланса бўлар экан.

Квартиралар олдидаги бундай боғчалар ўша квартиранинг фойдали майдонини кенгайтиради, турар жой нархининг ошишига хизмат қилади ва ниҳоят, шунчаки одамларни бахтлироқ қилади. Лекин нафақат биринчи қаватларда яшайдиганлар, балки қўшнилар, оддий ўткинчилар ҳам бахтли бўлишлари учун бундай боғчалар учун ажратиладиган майдонлар ва тўсиқлар дизайни стандартлаштирилиши лозим.
Уйлар олдидаги тўсиқларни ҳамма ҳам рухсат олиб ўрнатмаган. Айрим маҳаллаларда бундай боғчалар ҳатто пиёдалар йўлакларини ҳам тўсиб қўйган, лекин бу кўчаларни режалаштириш билан боғлиқ масала бўлгани учун бунга тўхталиб ўтирмаймиз. Уйлар олдидаги боғчаларга қайтсак, уларнинг деярли барчаси бу майдончалардан эгалари фойдаланаётгани учун эмас, балки, шунчаки, тўсиқ бўлиши кераклиги учун ўраб қўйилган.

Натижада ҳовлиларимиз бетон, тўсиқ ва машиналардан иборат бўлиб қолди. Шаҳар ҳокимиятининг эса бу билан иши йўқ, чунки уларнинг муҳимроқ ишлари бор.
Ҳамма ҳам бу масалага онгли ёндашавермайди, бироқ буни ўзгартириш вақти келди.
Чап томонда болалар боғчаси, ўнг томондаги тўсиқ ортида эса боғ жойлашган. Ўсимликлар туфайли панжара кўринмайди. Болалар боғчалари ҳам ўз тўсиқлари бўйлаб яшил ўсимликларни экишлари мумкин. Шунда болалар кунига 10 соатлаб вақтини панжаралар ортида эмас, балки боғдаги каби яшил деворлар ортида ўтказардилар.
Фото: «Газета.uz»
Ранг-баранг тўсиқлар муаммосини аҳолининг ўзи ҳал қилиши мумкин. Ушбу панжара атрофига махсус яшил ўсимликларни экиш кифоя. Улар темир панжараларни қоплаб ўсади ва ҳовлиларни визуал «ахлат»дан тозалаб, уларга чиройли кўриниш беради.

Сўнгги кунларда "ободончилар" нафақат темир-терсак, балки ўсимликлар билан ҳам курашишни бошладилар. Аслида ноқонуний ўрнатилган тўсиқларни демонтаж қилишнинг ўзи ёмон нарсани англатмайди. Фақат бу расмиятчилик учун берилган буйруқлар асосида расмиятчилик учун маданиятсизларча ижро қилиняпти. Амалдорларга эса «ободонлаштирилган» ҳовлилар фотосуратларини кўрсатиб, шу билан масалага нуқта қўйиш осонроқ.
Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги матбуот хизматининг кўп квартирали уйлар ҳовлиларини «ободонлаштириш» тўғрисидаги репортажидан скриншот
Аҳоли яшаш мавзеларидаги инфратузилмаларнинг ташқи кўриниши бўйича стандартларни ишлаб чиқиш, ортиқча, дидсиз ўрнатилган тўсиқларни босқичма-босқич олиб ташлаш, фуқароларга тасдиқланган стандартлар кўринишидаги муқобил вариантларни тақдим этиш ва ниҳоят, ёзилганларни амалга ошириш – қийинроқ. Лекин нега улар мен тўлаган солиқлардан ойлик олишмоқда? Буйруқ бажарилгани ҳақидаги ҳисобот фотосуратларини биринчи синф ўқувчиси ҳам қилиши мумкин, бироқ дунёда шаҳарсозлик масалалари бундай йўл билан ҳал қилинмайди.
Бундай муаммолар биринчи дунё муаммолари деб аталади: миллионлаб одамлар зўрға кун кечирар экан, сиз печеньенгиз сутга тушиб кетганидан ёки шаҳар тўсиқлар билан тўлиб-тошганидан кўпроқ ташвишланасиз. Биринчи дунё яхши яшаётганлиги учун ҳам уларнинг «муаммо»лари шунақа. Мен ҳам яхши яшашни хоҳлайман. Аминманки, сиз ҳам ўзингизга ва яқинларингизга энг яхшисини раво кўрасиз.
Михаил Горбачёв Берлин деворининг қулаши ҳақида «сўзлайди»
ГДР ҳукумати ГФР билан чегараларни кесиб ўтиш режимини ва қоидаларини енгиллатиш эвазига иқтисодий ёрдам тўғрисида музокаралар олиб бораётган эди. Берлин девори бир кун олдин қулатилган, чунки 1989 йил 9 ноябрда спикер Гюнтер Шабовский журналистларнинг ГДРда эркин ҳаракатланиш тўғрисидаги саволларига жавоб берар экан, ҳужжатдаги бошқа бир парчани ўқиб юборади: «Зудлик билан, кечиктирилмасдан».
Банклар
Банкирлар ҳам бинолар атрофини панжаралар билан ўраб қўйишни ёқтиришади. Тўсиқ билан ўраш учун махсус рухсатнома олиш керак деган талаб йўқ. Бундан нафақат ҳимояланишни ёқтирадиганлар фойдаланади, балки банк қўриқчилари ҳам тўсиқ бор, деб тинчроқ ухлашади.
Мустақиллик шоҳ кўчасидаги тўсиқсиз «Ипотека банк».
Фото: Зума Мирзалиева / «Газета.uz»
Айрим банклар тўсиқларсиз ҳам ишлайди ва ҳеч қандай ёмон нарса бўлмайди: Мустақиллик шоҳ кўчасидаги «Ипотека банки» ёки Тарас Шевченко кўчасидаги «Инфинбанк».

Бизнинг қонунчилигимиз янги тўсиқларни ўрнатишни талаб қилмайди. Уларни ўрнатиш тўғрисидаги қарор кимга керак бўлса уларга юклатилган. Эскирган хавфсизлик талаблари ҳалиям ҳам сақланиб қолганга ўхшайди. Қоидаларни янгилаш вақти аллақачон етиб келганига қарамасдан, уларга риоя қилинмоқда.
Осиё кўчасидаги «Ориент-финанс банк» биносининг олд қисми пастроқ тўсиқ билан ўралган. Уни ҳатто кўчада туриб бир қарашда пайқаш қийин. Баланд панжара ўрнига пойдевор устига пастаккина панжара ўрнатилган, устунлар узра гул туваклари жойлаштирилган. Кичик меъморий ечимлардан фойдаланилган бу услуб ўткинчилар, ҳайдовчилар ва банк мижозлари оқимини ажратишга ёрдам беради. Шунингдек, тўсиқлар ўрнатишдаги камчиликларни имкон қадар яширган ҳолда чегаралашга имкон яратади.

Эҳтимол, аввалига лойиҳачилар одатдагидек банк панжарасини ўрнатишни режалаштиришгандир. Яхшиямки кейин фикрларини ўзгартиришган. Бу ерда улкан зирҳланган эшикли ҳақиқий сейф бор, анъанавий панжара эса – йўқ. Бу замонавий архитектура.
«Ашхобод» боғи қаршисида «Капиталбанк» бўлими жойлашган бўлиб, панжаралар ортидан хунук кўриниб туради. Унинг баланд дарвозаси Петербургдаги Қишки сарой дарвозасини эслатиб юборади.
«Капиталбанк»дан кўчанинг нариги томонида темир панжарали девори қўшнисиникидан қолишмайдиган «Азия альянс банк» жойлашган. Одамнинг банкка киргиси келмайди, чунки улар тўсиқлар янги мижозлардан кўра муҳимроқ экани ҳақида «сигнал» бериб турибди.

Бизда охирги марта қачон банкни тунашган? Жавоб бериб ўтирманг.
Али I ар-Рашид Марокашдаги ҳарам ҳақида «сўзлайди»
Марокашда баландлиги 66 м бўлган Ал-Кутубия масжиди бор. 600 йил давомида минора тепасига фақат кўр муаззинларнинг кўтарилишига рухсат берилганди, чунки унинг тепасидан баланд деворли ҳарам ҳовлиларининг гўзал манзараси намоён бўлган.
Хусусий ва давлат тиббиёт муассасалари
Биз тез-тез даволанишга мажбур бўламиз. Янги хусусий клиникалар ўзларини темир панжаралар билан тинчлантиришга қарши эмаслар. Лекин давлат касалхоналари ва клиникалари ҳам атрофини панжаралар билан ўраб олган.

Аммо ҳамма клиникалар ҳам темир ўрмон билан ўралган эмас. Улар одатдагидек ишламоқда ва ҳеч қандай муаммо йўқ. Демак, гап тўсиқларда эмас.

Қуйида биз панжаралари қолиши мумкин ёки ҳатто зарур бўлган объектлар рўйхатини тақдим этамиз. Лекин тиббиёт муассасалари бу рўйхатга кирмайди, шунинг учун улар атрофидаги панжараларни олиб ташлаш керак.

Ҳар қадамда темир деворлар бўлиши шаҳарни визуал шовқин, бемаъни чекловлар билан тўлдиради. Бундан ташқари, панжара қўшимча ўрнатиш ва техник хизмат кўрсатиш харажатларини талаб қилади.

Деворлар бирор ҳудудга кириш ва чиқишни қатъий назорат қилишга имкон беради. Кириб-чиқувчилар рухсат берилган жой орқали ўтишни бошлайди. Ёмон нарсаларни режалаштирган бўлсачи, деган гумонда ташриф буюрувчиларга нисбатан ишончсизлик ва шубҳаларни айтмаса, назорат қилишга бўлган бу ташналикни тушунтириб бериш қийин.

Келажакда биз учун ёзилаётган ислоҳотларда бундай ўйлаш ва муносабатга жой қолдирмаслик керак. Барча даражадаги раҳбарлар уларга ишонимизни исташса, улар ҳам бизга ишонч билдиришлари лозим.
реклама
реклама
Дональд Трамп учинчи шахсда ўзи ҳақида «сўзлайди»
Трамп 2016 йилдаги сайловолди кампанияси чоғида АҚШ ва Мексика чегарасига девор қуришга ваъда берган эди. У бошқа лойиҳалардан маблағларни қайта тақсимлаш учун мамлакат ҳудудида фавқулодда ҳолат режимини жорий этди. Президентлик муддати охиригача девор қурилиши якунига етмаган эди.
«Бунёдкор» стадиони манзараларидан бир қисми
Фото: «Газета.uz»
Стадионлар
Бизда стадионлар оз, аммо улар улкан ва жозибадор. Бундай иншоотлар катта ҳудудни эгаллайди ва ўша улкан майдон тўлиғича панжаралар билан ўраб қўйилган. Уларни ҳам олиб ташлаш керак.

Тўсиқлар фақатгина стадионнинг техник майдонига ёки очиқ футбол майдонларига киришни чеклаш учун ишлатилиши мумкин. Аммо бизда одатда стадионда ҳеч нарса бўлмаётганда ҳам одамлар ҳудудга кирмасликлари учун бутун атрофни ўраб олишади.

Чунки одамлар тўсиқлар ортида турса қўриқлаш осонроқ. Ташриф буюрувчиларни кўчада - бинодан узоқроқда кутиб олишади. Менинг солиқларим ҳисобига ишлайдиган бинога эркин инсон сифатида кириш мумкин эмас, аммо бу тўлаб қўйганим учун менга муносиб кўрилиши керак бўлган ҳаёт эмас.
«Тўқимачи» стадионининг очиқ футбол майдони атрофига ҳам енгил ва кўзга ташланмайдиган евродевор ўрнига анъанавий оғир панжара ўрнатилган
Фото: «Газета.uz»
Яна шундай бир анъанамиз борки, эслашни ҳам хоҳламайди киши: асосий кириш жойини муҳим меҳмонлар учун асраб қўйиб, қолганларни бинонинг орқа эшигидан кириб-чиқишга мажбурлашади. Оддий одамларга нисбатан худди ашаддий жиноятчилардек муносабатда бўлиш шу ердан бошланади.

Бино ичига НЎП ўрнатилса, ҳеч кимга ҳалал бермасди. Ўзбекистонда шунчалар кўп пунктчалар борки, гўёки кимдир бостириб келишини кутаётгандекмиз. Аксига олиб сўнгги йилларда НЎПлари сони ошмоқда: стадионлар, ОТМлар, давлат органлари, ҳокимиятлар, автотураргоҳлар ва ҳатто Регистонда.
ОТМлар
Асосий биноси олдида очиқ майдони бўлган аксарият ОТМлар атрофини панжаралар билан ўраб, кўчага НЎП қуриб олган. ОТМ биносига диққатни тортмасдан кириш мумкин бўлмаса, қандай жамиятда яшаяпмиз?

Университет ёки коллеж атрофидаги тўсиқ бир қанча одамнинггина ишини осонлаштиради. Аммо қолган барча ҳаракатланишда тўсиқларга дуч келаверади. ОТМлар бу конструкцияларни ўрнатиш ва уларга техник хизмат кўрсатишга пул сарфлайди. Ва энг муҳими, биз ёмон томондан ўрнак бўлаяпмиз.
Политехника, Ирригация, Журналистика университети, Жаҳон тиллари университети, Сингапур институти, Молия, Тўқимачилик, Миллий университет – барчаси тўсиқлар ортида. Тўлиқ рўйхатни келтиришдан маъно йўқ. Биз аллақачон фожиа кўламини тасаввур қилиб бўлдик.
Ахборот технологиялари университети аввалги панжарали деворни олиб ташлаб,
унча баланд бўлмаган тўсиқ билан чегараланди.
Фото: «Газета.uz».
Хоразмий номидаги ахборот технологиялари университети панжараларни олиб ташлади. Университет ўз майсаларини қўриқлаш учун пастак тўсиқ билан чегараланди ва ишлашда давом этмоқда.
ОТМ раҳбарининг хаёлида нималар борлигини билиш учун атрофи панжаралар билан ўралган-ўралмаганига қарашнинг ўзи етарли.
Турк компанияси томонидан ишлаб чиқилган «Акфа» университети лойиҳасига кўра, ОТМ ҳудуди атрофини ҳозирда аксарият давлат ОТМларида қўлланилганидек панжаралар билан ўраш кўзда тутилмаган (яқинлаштириш учун сурат устига босинг). Манба
ОТМ ва коллежлар атрофидаги панжараларни олиб ташлаш керак. Чунки уларни ўрнатиш орқали биз талабаларга ёмон томондан ўрнак бўлаяпмиз ва Ўзбекистонда олий таълим олиш имконияти чекланганига ишора қилмоқдамиз.
Талабалар – мамлакат келажаги. Уларни шундай шароитда ўқитишни истаймизми ва улар шундай шароитларда таълим олишни хоҳлайдиларми? ОТМлар ўз ҳудудларини нимадан қўриқлашмоқда? Ахир талабалар ошхона ёки кутубхонани босиб олишмайдику. Модомики талабалар билим олиш келар экан, НЎП орқали ўтказиш билан уларни ким сифатида қабул қилаяпмиз?

Эркин ва балоғатга етган инсонлар қамоқхонадагидек панжаралар ортида таҳсил олмасликлари керак. Қурувчилар панжаралар ортида экан, буюк келажак қура оламизми?
Панжарали девор ва НЎПларсиз Стенфорд университетининг кўриниши (яқинлаштириш учун босинг). Бу каби эркинликни фақатгина замонавий университетлар ўзига раво кўради, десангиз адашасиз. Узоқ йиллик тарихга эга кекса университетлар, масалан, Ҳарвард ўзининг ташқи қиёфасига эҳтиёткорлик билан ёндошади ва асл тўсиқларни сақлаб қолган. Бунда кириш жойларида ўтказиш пунктлари йўқ ва кириш барча учун очиқ.
Борис Лахман совет деворлари ҳақида «ҳикоя қилади»
Ҳамма жойда кўриш мумкин бўлган ромбсимон нақшли бетон плиталари – СССРнинг охирги йилларидан қолган «ёдгорлик»дир. Унинг муаллифи – архитектор Борис Лохман – уни 1969 йилда ўйлаб топган. Ўн йиллар давомида рангсиз бетон панеллар совет шаҳарларининг саноат ва шаҳар ландшафтларининг ажралмас қисми деб ҳисобланган. Расмий номи – ПО-2 (плита ограды - тўсиқ плитаси.
Мустақиллик шоҳ кўчасидаги балки энг узун тўсиқ (бир қисми).
Унинг узунлиги қарийб 1000 метрни ташкил этади.
Фото: Азамат Шамузафаров / «Газета.uz»
Майсалар
Шаҳардаги майса экилган ва ўраб қўйилмаган кам сонли майдонлардан бири – Форумлар саройи. Унинг ҳудуди ва атрофидаги йўлак эса Тошкентнинг энг яхши жойларидан бири. Жуда кўпчилик у ерда сайр қилишни хуш кўради. Бироқ у ердаги майса чирой учун, сиз учун эмас. Бино биз ўтларни босмаслигимиз учун куну тун қўриқланадигандек гўё. Худди сервантдаги меҳмонларга мўлжалланган қимматбаҳо биллур жамланмага ўхшайди.

Бир сафар саройни қўриқлаётган миллий гвардия ходимининг бир қизни майсазордан ҳайдаб чиқаролмаганига гувоҳ бўлгандим. Қиз шунчаки майса устида ётишни хоҳларди, у бўлса маҳаллий боғбонга фаввораларни ёқиб қўйишни сўради. Қиз брусчаткали майсазор чегарасига сакради. Лекин у ердан ҳам қувилди. Улар ғалаба қозонишди.

Майса, бу – оддий ўт. Форумлар саройи эса рамзийлик касб этади, унинг амалий жиҳатдан аҳамияти йўқ. Майса уни дахлсиз қилармиди?
Фото: gelio.livejournal.com
Шаҳардаги қолган барча яшил майдонлар панжаралар билан ўраб қўйилган. Ҳаттоки уларни аллақачон ҳеч ким парвариш қилмай қўйган бўлса ҳам.
Тошкент молия институтида ўраб қўйилган майсазор.
Фото: «Газета.uz»
«Тошкент сити» боғидаги конгресс-холл атрофида майсазор бўлгани билан ҳеч қандай тўсиқлар йўқ. У ердагилар майсазор атрофидаги тўсиқлар шунчаки темир-терсак эмас, балки эскирган фикр эканлигини билишади чоғи. Шундай бўлса-да, майсазорда сайр қилмоқчи бўлганларни ҳуштак чалиб ҳайдашади. Ҳордиқ чиқариш, ўзингни эркин бир давлатда яшаётганингни ҳис қилишингга йўл қўйишмайди.
Конгресс-холл
Фото: «Яндекс.Карты»

Шаҳарда яшайдиган турли ижтимоий гуруҳлар ўртаси деворлар ва хавфсизлик чоралари билан ажратиб қўйилса, уларнинг хулқ-атвор модели биргаликда яшаш эмас, балки сегрегацияга (ирқий таҳқирлаш шаклларидан бири – тарж.) айланади, дейилади ЮНЕСКО тадқиқоти хулосасида. Пиёдалар ва ҳайдовчилар бир-бирларига нисбатан салбий ҳиссиётларни туядилар, майсазорларни эса фақат паркларда учратиш мумкин ва улар устида юришга ҳаммага ҳам рухсат берилавермайди.

Шаҳарнинг бундай ҳолда бошқарилиши одамлар онгини ҳам худди шундай дастурлайди. Атрофи тўсиқлар билан ўралган одамнинг эркин фикрлай олишига ишончим комил эмас. Мусо алайҳиссалом қулларни қирқ йил саҳрода эргаштириб юрганини эсланг.
Ташқи ишлар вазирлигининг ташқи панжаралари Амир Темур шоҳ кўчаси бўйлаб 160 метр, ҳудуд периметри бўйлаб тахминан 500 метрга чўзилган.
Кўчалар ёқасидаги панжаралар
Шаҳар марказида пиёдалар ўтмаслиги учун панжара ўрнатилган кўчалар сероб. Кимдир тўсувчи иншоотларни ўрнатиш пиёдалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисалари сонини камайтиради, деб ўйлайди. Тамомила мантиқлидек эшитилади, бироқ муаммоларнинг асл сабаблари аллақачон маълум бўлган. Такрорлаш эса зарар қилмайди.
Пиёдалар ва тезлик
Пиёдалар кўчанинг қатнов қисмидан шаҳарда пиёдалар ўтиш жойлари етарли эмаслиги сабабли ўтишади. Агар йўл кенглиги икки қатордан ошса, уларни тартибга солинувчи қилиш керак.

Ҳайдовчилар пиёдаларни уриб юбормасликлари учун аҳоли пунктида рухсат этилган максимал тезликни 50 км/соатгача камайтириш керак. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, 50 км/соатгача ҳаракатланаётганда одамни ўлдириш эҳтимоли 40% гача камаяди.
Автотранспорт тезлигини пиёдаларнинг жароҳатланиши ва ўлиши эҳтимоли билан таққослаш
Манба: АҚШ Транспорт вазирлиги, Vehicle Travel Speeds and Pedestrian Injuries, 2000 йил март.
Биздаги максимал рухсат этилган 70 км/с тезлик дунё бўйича энг юқори кўрсаткичлардан биридир. Европа мамлакатларида аҳоли пунктларида тезлик чегараси 50 км/соат ва ундан паст.

Шаҳарда 50 км/с дан юқори тезликда ҳайдаш пиёдалар ва тўсиқларсиз кўчаларга қараганда хавфли.

Аксарият ҳайдовчилар белгиланган тезликни пасайтиришга қарши бўлишади. Чунки улар машинани секин ҳайдаш учун сотиб олишмаган-да. Шундай бўлса ҳам унутмаслик керакки, уларнинг бу қаршилиги биринчи бахтсиз ҳодисасигача давом этади, йўлларда ҳеч кимга бундай вазиятга тушмаслик кафолати берилмаган.
Муқимий кўчаси.
Фото: «Газета.uz»
Муқобил ўринбосарлар
Уч йил олдин Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси тезликни чеклаш бўйича жаҳон тажрибасини ўрганган эди.

"Ўйлайманки, мазкур йўналишда халқаро тажрибани ўрганган ҳолда [тезликни пасайтириш масаласи устида] ишлаймиз ва ўрганамиз", - деган эди ички ишлар вазирининг ўша пайтдаги ўринбосари, Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси бошлиғи Рустам Жўраев. Ўшандан бери вазият ўзгаргани йўқ.

Кўп йиллар олдин тирбандлик билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш учун янада кенгроқ йўллар қуриш керак, деб ҳисобланар эди. Лекин машиналар кўпайиб бораётганига эътибор қаратишмайди. Замонавий дунё буни тушунди, ҳайдовчилар учун шароитларни малакали равишда мураккаблаштира бошлади ва уларга муқобил – жамоат транспорти, яхши пиёдалар йўлаги ва велосипед инфратузилмаларини таклиф этди.

Кўча бўйларида тўсиқларнинг бўлиши ўша жойда ҳеч кимнинг йўлни кесиб ўтмаслигига кафолат бермайди. Аммо улар ҳайдовчи тасаввурида хавфсизлик ҳиссини яратади.

Катта тезликда тўсиққа урилган машина панжара бўлакларини атрофга сочиб юбориши ва ҳеч қандай қоида бузмаган пиёдалар ҳаётига хавф туғдириши ҳам мумкин. Бундай ҳолатлар Россияда аллақачон содир бўлган. Бу каби бахтсиз ҳолатларнинг ҳамюртларимиз ҳаётида ҳам содир бўлишини истамас эдик.

Кўча ёқасидаги тўсиқларнинг қўшимча равишда ўткир учли қилиниши пиёдаларда уларни ошиб ўтиш истагини туғдирмаслик учундир. Бироқ ЙТҲ содир бўлсаю худди шу «найза» бирор пиёдага кириб кетса, унинг тирик қолиш эҳтимоли бизнинг тез орада ҳокимларни сайлашни бошлашимиз эҳтимолини билан бир хил.

Бир тасаввур қилинг, учинчи Ренессанс аллақачон бошланди. Коррупция устидан ғалаба қозонилди, иқтисодиёт чўққига кўтарилиб бормоқда, барча сифатли таълим олиш имконига эга, ҳеч қаерда газ, свет ва интернет ўчмайди.

Бу ҳолатда мен велосипедчилар хавфсизлигидан ва ҳайдовчилар муқаррар жазоланишидан мутлақо хотиржам бўлар эдим. Чунки ҳар қандай ренессанс жамиятнинг тараққий топишини тақозо этади. Бугунги тўсиқлар бундай одамларга ўзининг ортиқча эканини сездириб туради. «Камроқ тўсиқлар» деган исёнкор бир фикрга йўл қўйиб берсак, навбатдаги қайта туғилиш онлари яқинроқ бўлади.

Бизнинг илғор тараққиётга эришган авлодларимиз қандай яшар экан-а? Уларнинг жамоат ва махсус транспорт учун ажратилган йўлакли тор кўчалари бўлади. Шаҳарларда рухсат берилган энг юқори тезлик 50 км/с гача пасайтирилади. Кўчалар ёқасидаги тўсиқлар олиб ташланади.
Ким Чен Ин икки Корея ўртасидаги девор ҳақида «сўзлайди»
Бизнинг давримизда электр токи уланган тўсиқлардан қўйлар ва динозаврга қарши қўлланиларди. Бироқ Жанубий ва Шимолий Корея ўртасида юқори кучланишли тўсиқ бор. У одамлар чегарани кесиб ўтишларидан тўсиб туради. Шимолликларда электр энергияси бор экан, девор ишлаб туради.
реклама
реклама
Ишлайдиган ҳокимни қаердан топса бўлади?
Ҳукумат имкони бўлган ҳамма жойга тўсиқлар қуриб ташлайди. Олий Мажлис, кўплаб вазирлик ва аксарият ҳокимиятлар душманлардан металл конструкциялар билан ҳимояланган. У ерларда аслида биз тўлаган солиқлар ҳисобидан ойлик олиб, бизнинг манфаатларимиз учун ишлайдиган амалдорлар меҳнат қилишади. Ғазначиликка ўхшаган жойлар бўлса ҳам майли эди.

Тошкент ҳокимиятини узун тўсиқ қўриқлайди. Унинг қарама-қаршисидаги «Пойтахт банк»нинг атрофида эса ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Осмонимиз мусаффо бўлишига қарамасдан ҳокимиятнинг ўзини пул сақланадиган банкка қараганда кўпроқ асраб-авайлаши қизиқ.

2018 йилда Чилонзор тумани маъмурияти фуқароларга янада яқинроқ бўлиш мақсадида панжаралардан воз кечди. Шаҳар ҳокимияти эса ҳалигача бир тўхтамга кела олмаётганга ўхшайди. Унинг биносига кириш учун иккита қўриқчилар постидан ўтиш керак. Шаҳар маъмурияти "укаси" – Чилонзор тумани ҳокимиятига ўхшаб деворларни олиб ташлаб, ички назорат билан чекланиб қўяқолса ҳам бўларди. Ялпи ички маҳсулоти ҳажми катта бўлган давлатларда ҳам шундай қилинади.
Улар ўз тўсиқлари билан ҳокимият қонун устуворлигини таъминлай олмаслигини ва шаҳарни пиёдалар учун янада қулай қилиш тўғрисида қарор қабул қилолмаслигини кўрсатмоқда. Тўсиқларни ўрнатиш тўғрисида қарор қабул қиладиган мансабдор шахслар панжараларни кўрмайди ҳам. Улар шаҳарга пиёдаларнинг кўзлари билан қарамайдилар, чунки улар бинолар ўртасида қора «Малибу»ларда ҳаракатланадилар.

Амалдорлар тўсиқлар ортида душманлар эмас, шериклар юришини унутмасликлари керак. Улардан қўрқишнинг ҳожати йўқ.
Қиролича Виктория дунёдаги энг узун девор ҳақида "сўзлайди"
Ёввойи динго итлари австралиялик қўйбоқарларга халал беришни бошлади. Муаммони ҳал қилиш мақсадида 1885 йилда яйловларни ҳимоя қилиш учун девор қурилган. Ушбу иншоот узунлиги 5614 км га чўзилган бўлиб, дунёдаги энг узун девор ҳисобланади.
Тўсиқлар қаерда ўзини оқлайди?
У ёки бу кўринишдаги тўсиқ – яхши ихтиро. Ўз вақтида у аждодларимизга омон қолишга имкон берган. Шундай бўлса-да, энди уни тагидан кесиб ташлаш керак, деб ҳисоблайман. Аммо бу ерда гап мамлакатдаги ҳамма тўсиқларни бутунлай олиб ташлаш кераклиги ҳақида эмас, балки фақат керак бўлмаганларни олиб ташлаш ҳақида кетмоқда.

Вояга етмаганлар кўп вақтини ўтказадиган барча ташкилотларни болалар фойдасига тўсиқлар билан ажратиб қўйиш керак. Меъморий ёдгорликлар – танлов асосида бўлиши мумкин. Боғлар алоҳида эътибор талаб қилади, катта майдонни эгаллайди, уларни кузатиб туриш осон эмас ва бегоналарнинг назоратсиз ташрифлари учун мўлжалланмаган.

Аттракционларсиз яшил боғлар тўсиқлардан тозаланиши керак, аммо ускуналари бўлган боғлар қўриқ остида қолдирилиши керак.

Демонтаж қилиш талаб қилинмайдиган истиснолар рўйхати қуйидаги объектларни ўз ичига олиши керак. Агар бинолар ва ҳудудлар шу пайтгача панжара билан ўралмаган бўлса, сиз уни шу тарзда қолдиришингиз мумкин. Аммо агар керак бўлса, ушбу объектлар учун тўсиқлар ишлатилиши мумкин.
  • Мактаблар, болалар учун ўқув марказлари, болалар боғчалари, мактабгача таълим марказлари;
  • Саноат объектлари ва омборлар;
  • Соғлик ва ҳаётга бевосита ва муқаррар таҳдид соладиган объектлар;
  • Ҳарбий, стратегик ва махфий объектлар;
  • Қуролли кучларга тегишли объектлар;
  • Шаҳар ичидаги сув ҳавзалари яқинидаги кўприклар, ўтиш жойлари, тўсиқлар (дарёлар, каналлар, кўллар бўйида);
  • Баландлиги 30 см ва ундан ортиқ бўлган жойлар (тўхташ жойлари, кузатув майдончалари);
  • Архитектура ёдгорликлари;
  • Шаҳар аттракционли кўнгилочар боғлари;
  • Дам олиш жойлари ва спорт майдончалари;
  • Шахсий участкаларнинг ички ҳудуди;
  • Ботаника ва мева-сабзавот боғлари;
  • Автотранспорт воситалари учун шаҳарда рухсат этилган максимал ҳайдаш тезлигидан юқори тезликда ҳаракатланишга мўлжалланган йўллар;
  • Фаол қурилиш давом этаётган қурилиш участкалари.
Ҳар қадамдаги кераксиз тўсиқларни олиб ташлаш ва замонавий фикрлашга ўтиш керак.
Си Цзиньпин Катта Хитой файрволи тўғрисида «сўзлайди»
«Буюк хитой файрволи», ёхуд «Олтин қалқон» асосий Ғарб сайтлари: барча Google хизматлари, Facebook, Twitter, Youtube, Blogger, Wordpress ва бошқа ресурсларни муваффақият билан блок қилган. Гонгконгдаги «соябонлар инқилоби»дан кейин Instagram ҳам блокланди. Viber ва KakaoTalk узилишлар билан ишлаяпти. Line блокланган. ХХР ҳудудида ушбу хизматлардан фойдаланиш учун VPN керак.
Анҳор қирғоғи фақат бир томондан тўсилган. Ҳар икки томонда ҳам хавфсизликнинг таъминланиши бу ерни ажойиб бир сайргоҳ ҳудудига айлантиради. Унча катта бўлмаса ҳам майли, лекин ёқимли ва кутилмаган совға бўлади. Бундай майда нарсалар шаҳарни безайди ва уни янада меҳрибонроқ қилади.
Фото: Азамат Шамузафаров / «Газета.uz»
Тўсиқларга талаблар
Чекловлар тўсиқлардан фойдаланмасдан ҳам ўрнатилиши мумкин. Улар сезиларли ва тушунарли бўлиши мумкин, визуал шовқин яратмасдан, манзарани тўсиб қўймасдан ва фуқароларга ҳаддан зиёд босим ўтказмасдан.

Энг оддий ечим — буталар. Бизда ноқулай шароитларда ҳам ўсаверадиган ўсимликлар етарлича топилади. Кўкаламзорлаштириш учун кўп миқдорда пул сарфлашга ҳожат йўқ: уларни бир неча метр оралиқлатиб экиш мумкин.
Ярим шар ва металл устунчалардан фойдаланиш қайсидир олис мамлакатда эмас, «Тошкент сити» боғи кўчаларига ўрнатилган.
Фото: «Газета.uz»
Бундан ташқари, ёзувли ёки тошлардан иборат паст тўсиқдан фойдаланиш мумкин. Қаерга қадам босмаслик кераклигини кўрсатиш кифоя – ошиб ўтиб бўлмайдиган тўсиқлар билан ўраб ташлашга ҳожат йўқ.

Декоратив устунлар ёки ярим шарлар яхши фойда беради. Улар автоуловларнинг ўтишига тўсқинлик қилади ва пиёдаларни одатдаги тўсиқлардан яхшироқ ҳимоя қилади. Бундай ечимлар аллақачон хусусий секторда ёки бизнес марказлари қурилишида ўрнатилмоқда.
ОТМлараро спорт мажмуасининг темир панжараси енгил евротўсиқ билан алмаштирилиши мумкин
Фото: «Газета.uz»
Тўсиқларни нимага алмаштириш мумкин ва унинг муқобили қандай кўринишда бўлиши керак?
Ҳар қандай меъморий ечим ҳаракатланиш имконияти чекланган фуқароларнинг эҳтиёжларига мос келиши лозим. Амалдаги СанПиН қоғозлари ва қонунларда шундай қилиш кераклиги ёзилган. Ҳар бир қарор ногиронлиги бўлган инсонлар ташкилотлари аъзолари иштирокида қабул қилиниши керак.

Анҳор ва дарёлар қирғоқлари бўйлаб ўрнатилган тўсиқларнинг дизайни ҳар икки томонда ҳам бир хил бўлиши керак. Сув ҳавзалари бўйлаб тўсиқ ўрнатилиши ҳар доим ҳам талаб қилинмайди. Сокин оқадиган анҳорларни одамлар учун очиқ қолдириш ёки ҳеч бўлмаганда сувга тушадиган зиналар қилиш керак. Одамларни кучли оқимлари бўлган дарёларга сакраш фикридан чалғитиш учун имкон қадар ҳаммабоп пляжларни қолдириш лозим. Авваллари Миллий боғ, Ғафур Ғулом истироҳат боғлари, Бахт кўлида шундай пляжлар бор эди.

Барча тўсиқлар қора рангга бўялган бўлиши керак. У бошқа ранглар билан яхши уйғунлашади, шунинг учун бинолар ва жамоат жойларининг кўринишини бузмайди. Оқ рангдан фарқли ўлароқ, қора ташқи таъсирларга чидамлироқ.

Муаллифлик назорати диёримизда кам учрайдиган ҳодиса. Кўпинча, лойиҳа ижрочилари турли сабабларга кўра лойиҳаларнинг аниқ амалга оширилишини кузатиб бормайдилар. Шунинг учун биз ҳаваскорликка жой қолдирмаслик мақсадида кичик меъморий объектларига қўйиладиган талабларни аниқ белгилашимиз керак.

Теварак-атрофдан яққол ажралиб турадиган устунлар, тўсиқлар ва бошқа нарсаларни ўрнатмаслик ва бўямаслик керак. Агар анъанавий услубда қурилган бино бўлса, унинг ёнига пластик гулларни қўйиш – яхши фикр эмас. Кўпчилик бўладиган жойларда миллий услубда ишланган устунчаларни сариқ ёки яшил рангга бўяш ғоясига чидаса бўлади. Лекин бундай ҳолларда қора ранг ҳар доим ёрдам беради.

Қўшни жойлашган барча объектлар бир-бири билан уйғунликда бўлиши керак. Ҳар бир туманда тўсиқларга муқобил объектлар учун ўзининг бетараф ранги бўлса, рангларни кодлаштиришни ўйлаб кўриш мумкин.
Тош ёки бетондан бўлган кичик архитектура парчаларини бўяш керак эмас. Фақатгина барвақт емирилишнинг олдини олиш учунгина бунга йўл қўйиш мумкин. Дарҳақиқат, юқори сифатли табиий материаллар эрта емирилишдан сақлайди. Улардан тайёрланган объектлар бўяшни ҳам талаб қилмайди. Бундай конструкциялар катта эҳтимол билан шаҳар муҳитига бўялганларга қараганда кўпроқ уйғун тушади.

Пиёдалар йўлагини қатнов қисмидан ажратиб туриши учун ўрнатилган ҳошия (бордюр), ҳайкалчалар (скульптура), гултуваклар ва бошқа кичик меъморий жисмлар табиий хом ашёдан ишлаб чиқарилган бўлиши керак. Бу тош, ёғоч, металл, бетон ёки шиша, кучли истак бўлса, ҳаттоки пластикдан бўлиши мумкин. Лекин пластик материаллар арзон матоҳдек кўринади, тез яроқсиз ҳолга келади ва мунтазам янгилаб туришни тақозо этади. Бизда эса яроқсиз пластикларни алмаштиришни хуш кўрмасликлари ҳаммага маълум.

Пиёдаларга оид ҳудудларни (пиёдалар йўлаги, майдон, хиёбон) қатнов қисмидан ажратиш учун турғун тротуар устунчалари керак. Агарда улар чўяндан, зангламайдиган пўлат ёки бетондан қуйилса, авлодлар буюк келажакка етиша оладилар. Бундай тўсиқнинг баландлиги 80-100 см дан ошмаслиги керак. Бундай устунлар шаҳар муҳитида алоҳида ажралиб турмайди, бироқ уларни пайқамаслик ҳам имконсиз.

Устунчалар шундай бир оралиқ масофада ўрнатиб чиқилиши керакки, сўнгра пиёдалар йўлакларига автомобилини қўйиб кетган ёмон ҳайдовчилар тўғрисидаги видеолавҳаларни тасвирга олишга ҳожат қолмасин. Махсус техникалар учун устунчалар ораси кенгроқ қолдирилган кириш жойлари кўзда тутилган бўлиши керак.

Пиёдаларга оид ҳудудларни қатнов қисмидан ажратишда табиий хом ашёдан тайёрланган ярим шар кўринишидаги тўсиқлардан фойдаланиш архитектор ихтиёридаги масала. Улар нима учун яхшироқ танлов эканини эса юқорида билиб олдик. Қуроқчилик билан шуғулланмаслик ҳам керак – ҳар бир участкада бундай устунчаларнинг катталиги бир хил бўлиши зарур. Биз тротуарларда Tahoe кўришни хоҳламаймиз. Шунинг учун ярим шар диаметри 35 см дан кам бўлмаслиги лозим. Акс ҳолда ҳаттоки «Тико» ҳам ошиб ўтаверади.
«Тошкент сити» боғидаги кўча.
Фото: «Газета.uz»
Кўп ҳолларда ҳайдовчилар машинасини қўядиган жойга қулф-калитли тўсиқ ўрнатиб, халққа тегишли ернинг бир парчасини ўзлаштириб олишга журъат қиладилар. Балки бунга ХУМШ (собиқ ЖЭК) ёки маҳалладан рухсат олган бўлишлари мумкин. Бундай жойларга кимнинг калити бўлса ўша машинасини қўя олади. Бундай безбетликка чек қўйиш керак – якка тартибдаги машина қўйиш жойлари қиммат туради.

Машина қўйиш жойи учун мўлжалланган бундай тўсиқлардан фақатгина алоҳида таклифнома билан бориш мумкин бўлган жойларда фойдаланиш мумкин. Биз хусусий участкалар, қўриқланадиган ҳудудлар, омборлар ва ҳарбий полигонларда сайр қилмаймиз. Ўз навбатида, автотураргоҳларда ҳам сайр қилгимиз келмаслиги аниқ, шу боисдан машина қўйиш жойлари учун тўсиқларни деразасининг остига эмас, бекорчи пиёдалар юрмайдиган жойларгагина ўрнатишга рухсат бериш керак.
Юнусобод туманидаги ҳовлилардан бири
Фото: «Газета.uz»
Ўз ҳудудингиз атрофини девор билан ўрашни хоҳлаб қолсангиз ёки Худо кўрсатмасин, бирор сабаб билан дарвоза ортига яширинишга тўғри келса, сизни тез тиббий ёрдам, милиция ёки ўт ўчирувчилар қандай қилиб қутқаришини ўйлаб кўринг. Ўзингизга ўз фойдангиз учун махсус техникалар йўлини тўсишни тақиқланг.

Бирор жойни вақтинчалик алоҳида қисмларга ажратиш ёки пиёдалар йўлагини таъмирлаш вақтида пиёдаларни транспортдан чегаралаш керак бўлиб қолади. Бундай ҳолатларда кўчма устунчалар ёки бошқа чекловчи воситалардан фойдаланиш мумкин.

Боғлар ва спорт майдончалари учун металл панжаралар ўрнига енгил ва кўзга ташланмайдиган конструкциялардан, масалан, пайвандланган рухланган сим тўрдан (евродевор) фойдаланиш мумкин.
Масалан, «Тўқимачи» стадионидаги футбол майдони атрофидаги панжарани худди шу баландликдаги евродевор билан алмаштириш мумкин. Ҳозирда у ерда стандарт оғир конструкциядан фойдаланилган. У кўзга яққол ташланади ва шаҳарнинг ташқи қиёфасини бузиб турибди.

Юқорида санаб ўтилган барча муқобиллар шаҳар ландшафтига хилма-хиллик бағишлайди, пиёдалар эркинлигини сақлаган ҳолда чегараларни кўрсатиб туради, пиёдалар оқимларини айиради, қатнов қисми ва пиёдалар йўлагини ажратади.
Тит Флавий Веспасиан Помпей деворидаги ёзув ҳақида «ҳикоя қилади»
«Мен сенга ажабланаман, девор, шунча «ахлат» ёзувларни кўтариб турибсану қандай қилиб ҳалигача қулаб тушганинг йўқ?»
Олимпия қўмитаси теварагидаги жуда узун, лекин ҳеч қандай кераги йўқ тўсиқ. Ҳеч қандай жимжимадор нақш ҳам тўсиқ ўрнатишни оқламайди. Тўсиқ – барибир тўсиқ, ҳаттоки унинг бадиий безаклари бўлса ҳам.
Ўз боғчангиз атрофидаги тўсиқларни олиб ташласангиз, ўшанда учинчи Ренессансни яқинлаштирасиз. Темир ўрнига тирик бутадан фойдаланинг. Уни парвариш қилиш керак бўлади, лекин сиз шусиз ҳам темир тўсиқларингиз ҳимоя қилиб турган нималарнидир суғорардингизку.

Панжара ҳалигача ҳеч қачон ҳақиқий муаммолардан қўриқлай олмаган – Қирғизистонни эсга олиш етарли. Лекин қолган барча вақтларда у шаҳар ёки ҳовлининг ташқи қиёфасини бузган. Ҳар доим сизни хуш кўрмаслигини эслатиб турадиган жойда яшагингиз келадими?

Агарда қайсидир амалдор ўзининг бешта яхши ташаббусини илгари суришни хоҳласа, улардан бири панжараларни йўқ қилиш бўлақолсин. Очиқ майдонда қаҳрамонлар яққол кўзга ташланади. Лоқайд инсонлар эса девор ортига яширинишни маъқул кўради.
Қўй бутун умр бўридан қўрқиб яшайди, лекин уни чўпон сўйиб ейди.
Азамат Шамузафаров
Дизайнер, Азамат Тудэй Телеграм-канали муаллифи
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.
Матн муаллифи: Азамат Шамузафаров.
Мақолага барча ҳуқуқлар муаллиф ва «Газета.uz» нашрига тегишли.
www.gazeta.uz сайтига жойлаштирилган, «Газета.uz» ва бошқа учинчи шахсларга тегишли фото, график ва бошқа материаллардан ҳар қандай кўринишда фойдаланиш тақиқланади.
Муаллифнинг бошқа мақолалари (рус тилида)
Задумывались ли вы когда-нибудь о том, как часто в своей жизни вы видите шрифты? Замечаете ли их разнообразие и понимаете ли, что одни шрифты читать просто и быстро, другие – утомляют глаза? Приготовьте себе капучино, наденьте теплые носки и усаживайтесь удобнее — нас ждут увлекательные истории из жизни занудных шрифтовиков.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг