Чоршанба куни президент Шавкат Мирзиёев Тошкентда тирбандликлар юзага келаётган ўндан ортиқ кўчада қисқа муддатларда қўшимча ҳаракат йўналишларини очиш бўйича топшириқ берган эди.

Шунга мувофиқ, ИИВ ЙҲХББ пойтахтда йўл-транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш ва янги йўллар қуриш ишлари уч босқичда амалга оширилишини маълум қилди. Лойиҳалар Транспорт вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Kalyon ulastirma (Туркия) компанияси билан ҳамкорликда ҳаётга тадбиқ этилади.

Фото: ИИВ ЙҲХББ.

Биринчи босқич. Тошкент шаҳридаги 3 та кўчада тез муддатда янги ўтиш жойлари очилади ва йўлни кенгайтириш ишлари амалга оширилади:

  • Себзор кўчаси бўйлаб Абдулла Қодирий кўчаси кесишмасидаги йўл ўтказгичдан тушгандан сўнг, Зулфияхоним кўчасига ўтиш учун асосий қатнов қисмидан маҳаллий йўлга янги ўтиш жойини очиш;
  • Тошкент халқа автомобил йўлининг 11-километрида (Тўсин бозор қаршисида) 250 метр масофада йўлни кенгайтириш;
  • Ал-Хоразмий — Катта Қаъни кўчалари чорраҳасида айланма ҳаракатни ташкил этиш мақсад қилинган.


Фото: ИИВ ЙҲХББ.
Иккинчи босқич. Тошкент шаҳридаги 3 та кўчанинг транспорт ўтказиш қобилиятини ошириш бўйича тадбирларни ҳаётга татбиқ этиш кўзда тутилган:

  • Чоштепа — Янги Сергели кўчалари кесишмасида ўтказувчанликни ошириш мақсадида, кесишмани кенгайтириш (параметрларини ўзгартириш);
  • Тошкент халқа автомобил йўли — Самарбону кўчалари кесишмасида маҳаллий йўлни кенгайтириш ҳисобига ўтказувчанликни ошириш;
  • Мустақиллик — Паркент кўчалари кесишмасида яшил худуд хисобидан янги йўл очиш режалаштирилган.


Фото: ИИВ ЙҲХББ.
Учинчи босқич. Тошкент шаҳридаги 6 та кўчада транспорт оқими ўрганилиб, таҳлил натижаларидан келиб чиққан ҳолда қуйидагилар амалга оширилади:

  • Юнусобод туманидаги Қорақамиш кўчасини Тошкент халқа автомобил йўли билан боғлаш учун янги йўл қуриш;
  • Муқумий — Лутфий — Сеул — Нурафшон кўчалари кесишмаси параметрларини ўзгартириш йўли билан ўтказувчанликни ошириш;
  • Тошкент ҳалқа автомобил йўли — Амир Темур кўчалари кесишмасида айланма ҳаракатли чорраҳани оддий чорраҳа турига ўтказиш йўли билан ўтказувчанликни ошириш;
  • Шота Руставели — Миробод — Шаҳрисабз кўчалари кесишмасида айланма ҳаракатли чорраҳани оддий чорраҳа турига ўтказиш йўли билан ўтказувчанликни ошириш;
  • Кичик халқа автомобил йўли бўйлаб CRAFERS корхонаси қаршисида янги қайрилиб олиш жойини очиш;
  • Сеул — Новза — Бунёдкор кўчалари кесишмасида канал устидаги кўприкни кенгайтириш хисобига кесишма ўтказувчанлигини ошириш режалаштирилган.