Блогер, филолог, Aдлия вазирининг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси Шаҳноза Соатова YouTube’даги «Улар» лойиҳаси учун берган интервьюсида 1990 йилларда ўзбек тили ёзувида кирил алифбосидан лотин алифбосига ўтиш сиёсий мотив сабабли бўлганлигига тўхталди.

«Aввал бошида алифбони нимага ўзгартирганмиз? Буни ҳеч ким рад этмайди, сабаб — сиёсий мотивлар. Мен ўша вақтларда алифбони ўзгартириш тарафдорлари бўлган, уни амалга оширишни қўллаб-қувватлаган устозларимдан бу ҳақда сўраганман… Одатда лекция вақтлари жавоб беришмас эди. Кейинроқ эса бизнинг ўзимизга „Биз дунёни ўзбекча англашимиз керак. Советча англашдан қочишимиз керак. Ҳамма нарсамиз янги бўлиши керак. Совет ўтмишидан қочмоқчимиз“ — деб айтишар эди. Хуллас, сиёсий мотивлар сабаб бўлган. Буни ҳеч ким рад эта олмайди. Бугун ҳам ўша мотивлар турибди», — деди блогер.

Шаҳноза Соатова лотин алифбосига ўтиш бўйича 1993 йилги қонунга тўхталиб, уни амалга оширилиши кераклигини таъкидлади. «Қонун бўлганидан кейин бажарилиши ҳам керак-да. Бу масала устида яна қандай баҳс бўлиши мумкин?!» — деди у.

Шунингдек адлия вазирининг маслаҳатчиси лотин алифбосидаги 4 та ҳарф (o', g', sh, ch — таҳр.) масаласида ҳам фикр билдириб, филолог 4 та ҳарфнинг ўзгариши саводга жуда ҳам қаттиқ таъсир қилмаслигини айтиб ўтди.

«Бу борада ҳам 2 йилча аввал жиддий баҳс қилган эдик. Бу нарса асосан техник жиҳатга боғлиқ. Улар бироз ноқулай. Биз ўзбек тилининг электрон луғатларини яратмоқчимиз. Ҳалиги белгилар эса сўзни иккига бўлиб ташлаяпти. Электрон мусаҳҳиҳ эса уни икки сўз деб ўйлаб ва бу масалани ҳеч қанақасига ҳал қилиб бўлмаяпти. Бизда электрон мусаҳҳиҳ тўлиқ ишламайди. Бутун дунё ҳал қилган техник масалани биз ҳал қила олмай атрофида айланиб юраверамиз. 4 та ҳарф ўзгаргани саводга жуда ҳам қаттиқ таъсир қилмаса керак деб ўйлайман», — дейди Соатова.

Маълумот учун, ҳукумат қарори билан, 2023 йил 1 январдан бошлаб барча ташкилотларда иш юритишда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига тўлиқ ўтилиши белгиланган.