Ўзбекитон президенти «2021−2030 йилларда Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармойишни имзолади, дея хабар берди Молия вазирлиги матбуот хизмати.

Ҳужжат билан 2021−2030 йилларда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш миллий стратегияси концепцияси ва стратегияни ишлаб чиқиш бўйича «йўл харитаси» тасдиқланди ва стратегияни ишлаб чиқиш бўйича Республика ишчи гуруҳи тузилди. Ҳужжат лойиҳаси Молия вазирлиги томонидан тайёрланган эди ва муҳокамага ўтган йил кузда қўйилган эди.

Ҳужжатга мувофиқ, Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш Миллий стратегиясида ижтимоий ҳимоя соҳасида ижтимоий ёрдам ва хизматларнинг базавий кафолатлари белгиланади.

Бунга қуйидаги чора-тадбирлар киради:

  • асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, таълим, парвариш ва бошқа зарур бўлган маҳсулотлар ва хизматлар олишга имконияти бўлмаган болаларга кўмаклашиш;
  • касаллик, ишсизлик, оналик ва ногиронлик каби ҳолатлар туфайли ўзини ўзи таъминлаш масалаларини тўлиқ ҳал қила олмайдиган меҳнатга лаёқатли фуқароларни кафолатланган даромадлар билан таъминлаш;
  • кекса ёшдаги фуқароларни кафолатланган даромад билан таъминлаш.

Жаҳон тажрибаси амалиётларида қабул қилингани каби оналикни ҳимоя қилиш ва вақтинчалик мeҳнaтгa лaёқaтсизлик бўйича нaфaқaлaрини ижтимoий суғуртa тизимигa киритиш ҳамда Ижтимоий суғурта жамғармасини ташкил этиш масаласи ўрганилади.

Концепция билан ижтимоий нафақаларни тайинлаш учун ариза берувчиларнинг муҳтожлик даражасини аниқлаш жараёнларини соддалаштириш ҳамда ижтимоий нафақаларни тайинлаш ва тўлаш жараёнларини тезлаштириш режалаштирилган. Бу кам таъминланган оилаларни ижтимоий нафақалар билан қамраб олиш мақсадида амалга оширилади, дейилади ҳужжатда.

Бундан ташқари, давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлаш учун берилаётган субсидиялар самарадорлигини ошириш мақсадида ижтимоий контракт тизими жорий этилади. Аҳолига кўрсатиладиган жтимоий хизматларни индивидуал ижтимоий мослашув дастурлари орқали тақдим этиш тизими ишлаб чиқилади.

Фармойишга кўра, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш учун масъул бўлган ягона орган белгиланади.

Чин етим ёшларни уй-жой билан таъминлаш, бошпанасиз қолган, оғир турмуш шароитига тушиб қолган оилалар ва шахсларни мулк ҳуқуқи берилмаган ҳолда жойлаштириш учун маҳаллий ҳокимликлар томонидан уй-жойларни сотиб олиш тартиби жорий этилади.

Имконияти чекланган болалар учун мактабгача таълимни уйда бериш модели жорий этилади.

2025 йилга қадар Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги негизида туман (шаҳар)лар миқёсида Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказлари ташкил этилади.

2030 йилда Давлат бюджетининг аҳолини ижтимоий ҳимоясига харажатлари ички ялпи маҳсулотга нисбатан 1,5 фоизга етказилади.

2030 йилгача аҳолини ижтимоий ҳимоя Миллий стратегияси лойиҳасини ишлаб чиқишда Халқаро меҳнат ташкилоти, ЮНИСЕФ, БМТ Тараққиёт Дастури ва Жаҳон банкининг етакчи мутахассисларидан иборат экспертлар гуруҳи қатнашди.

Ижтимоий ҳимоя бўйича миллий стратегиянинг қабул қилиниши БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари камбағалликни камайтириш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш ҳамда аёллар, эркаклар, шу жумладан ёшлар ва ногиронларни тўлиқ, фойдали ва муносиб иш билан таъминлашга эришишга ёрдам бериши кутилмоқда.