17 февраль куни Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг Венгрияга ташрифи доирасида Будапешт шаҳрида Ўзбекистон-Венгрия бизнес-форуми бўлиб ўтди, дея хабар берди Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.

Форум якунларига кўра, паррандачилик, балиқчилик, чорвачилик ва озиқ-овқат саноати соҳаларида Ўзбекистон ҳудудларида 12 та инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш тўғрисида битимлар имзоланди.


Бундан ташқари, яна 76 та инвестицион лойиҳалар амалга оширилишига келишилди. Шулардан 26 тасида ҳам Ўзбекистон, ҳам Венгрия томонидан ҳамкорлар аниқланиб, ўзаро музокаралар бошланди.

Шунингдек, ИТСВ ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги ва Венгрия савдони ривожлантириш агентлиги ўртасида ҳамда Ўзбекистон хусусий туризм ташкилотлари ассоциацияси ва Венгрия сайёҳлик агентликлари ўртасида ўзаро сайёҳлик ҳажмини ошириш бўйича ҳамкорлик шартномалари имзоланди. Бундан ташқари, Ўзбекистон фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги ва Венгрия фармакологик кластери ўртасида фармацевтика соҳасида таълим тизимини такомиллаштириш бўйича ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди.