12 февраль куни ижтимоий тармоқларда эшакларнинг суюклари акс этган видеотасвир тарқалди. Сўйилган эшак суяклари 3 та майдонга ташланиб, уларнинг биттасида 55 та эшакнинг қовурғалари борлиги аниқланди, дея хабар бермоқда ЎзА.

Эшак суяклари январь ойидан буён 3 маротаба олиб келиб ташлангани айтилмоқда.

Эшаклар тажрибали қассоб томонидан сўйилгани ва қовурға суякларидан гўштлар силлиқ ажратиб олингани айтилмоқда. Қабристонда эшакларнинг қовурға суякларидан ташқари калласини, қулоқларини кўриш мумкин.

Элликқалъа туманидаги барча гўшт дўконларида текширувлар ўтказилмоқда.

Аҳоли ўртасида суриштирув ишлари олиб борилиб, ҳозирча эшаклар нима мақсадда сўйилганлиги бўйича маълумот йўқ.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими тумандаги гўшт дўконларида асосан қора мол гўшти сотилишини, қора моллар эса «Элликқалъа» ОФЙ ҳудудидаги кушхонада сўйилиши хақида маълум қилди.

Кушхона ва тумандаги гўшт дўконларида сотилаётган гўштларнинг яроқлилик маълумотномаси ва гўштга қўйилган клеймолари мавжуд эканлиги ўрганилмоқда.

Ҳодиса юзасидан туман ҳокимлиги, прокуратураси ва ИИБга ҳам мурожаат қилинган.