MasterCard карталари эгалари — ҳам Ўзбекистон фуқаролари, ҳам сайёҳлар — 3 февраль куни уларнинг иштирокисиз 2018−2019 йилларда Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги «Асакабанк» терминаллари ва банкоматларида нақдлаштирилган пул маблағлари қайта ечиб олингани ҳақида хабар беришди. «Газета.uz»га ушбу масала бўйича бир нечта мурожаат келиб тушди, маълумот ижтимоий тармоқларда ҳам эълон қилинди.

Банкнинг 7 февралдаги хабарига кўра, 3 февраль куни профилактика ишларини олиб бориш пайтида унинг процессинг марказида техник носозлик юз берган. Натижада аввалги транзакцияларнинг бир қисми такрорланиб, MasterCard клиринг марказига юборилган.

«„Асакабанк“ АК ва MasterCard томонидан ушбу носозликни бартараф этиш учун барча зарур ишлар олиб борилмоқда. Икки нусхадаги файлларни бекор қилиш бўйича ишлар 8 февраль оқшомидан бошлаб амалга оширилади ва муаммо қисқа вақт ичида тўлиқ бартараф этилади», — дейилади банк сайтида.

«Газета.uz» сўровига жавобан банк 3 февраль куни 33% операциялар бекор қилинганлигини, 15 февраль ҳолатига кўра эса 63% транзакциялар бекор қилинганлигини хабар қилди. Илгари нақдлаштирилган пулларни ҳисобдан қайта ечиб олиш техник носозлик туфайли юз берди, бу фирибгарлик ёки хакерлик ҳужумлари натижаси эмас, дея таъкидлади банк.

Банк матбуот хизмати маблағлар босқичма-босқич қайтарилиши ҳақида аниқлик киритди.