Не бўлдию замоннинг чархпалаги тескари айланадиган бўлиб қолди. Нима эмиш, сўз эркинлиги эмиш, киммиш — блогермиш, балогир у, балонинг боши! Тинчгина яшаб юргандик. Биров пишагимизни пишт демасди. Кимсан, нима қилаяпсан, қаердан олдинг, қаёққа сарфлаяпсан? Сўрайдиган одам йўқ эди. Ҳа, онда-сонда учраб турарди, лекин уям ўзимизга ўхшаган ожиз банда, келишардик, чиройли суҳбатлар қуриб, рози-ризочилик билан хайрлашардик. Ахир ҳаммада ҳам нафс бор, оила бор, бола-чақа бор. Улар учун ўзимизни ўққаям, чўққаям уриб яшаяпмиз-ку ахир.

Аммо, лекин, бироқ, айтганимдай, балогирлар чиқдию хаволатимиз йўқолди, узр, халоватимиз. Уларни номини айтишим билан тилим ҳам яхши айланмай қолади-eй. Бу балогирларнинг бурнини суқмаган жойи, ташкилоти, иши йўқ. Ювилмаган қошиққа ўхшаб, йўқ ердан келадию шовқин-сурон қилиб ташлашади. Ҳалиги, «Суюнчи»даги Анзират хола бор-ку, ўша хола ҳаётда ҳам бўлганида, балогирларнинг олдида ип эшолмай қолган бўларди.

Яқинда биттаси қишлоғимизда қулаб тушган симёғочни расмини интернетга чиқарворибди. Сенга нима, қулаган бўлса, устингга тушдими? Буз.уз чиқарган бўлса танга топган тентакка ўхшаб катта гуруҳга қўяверасанми? Роса гап эшитдим. Мана сенга дедиму, устидан ёзвордим. Мен ҳам одамман, шаъним, қадр-қимматим бор. Хой, барака топкур, ўзимизнинг одамсан, битта маҳаллада яшасак, камчиликларимизни бутун дунёга достон қилишинг шартми? Қулаган бўлса, ўртадаги пулдан бир икки сўм сарфлаб тиклаб қўямиз. Ота гўрини қозихона қилиш керакми шу арзимаган нарсага? Агар бирор муаммонг бўлса, секин ўзимизга келиб айт, «Aка, шунақа дардим бор», де, ёнимизга олмаймизми?

Тунов куни ўлиб қолган иккита қўзиниям ёзибди. Ўлса ўлибди, уям тирик жон, ажали етган бўлса биз нима қила оламиз? Аста чўпонларнинг қулоғига шивирлагандим, уларам боплаб устидан ёзворди. Ҳали қараб турсин, ёзиш қанақалигини кўрсатиб қўямиз, сичқоннинг думини кесгани учун ҳам, қарғанинг инини бузгани учун ҳам, итнинг суягини олиб қочгани учун ҳам жавоб беради.

Индамай ишимизни қилиб юрганимиз билан биз ҳам анойилардан эмасмиз. Қуда-андаларимиз, қариндош-уруғ, акаларимиз, устозларимиз, бир товоқдан ош еган улфатларимиз бор. Сиздан угина, биздан бугина, қарға-қарғанинг кўзини чўқимайди, ўйнашмагин арбоб билан, деган гаплар бизга атаб айтилган ўзи. Баъзилар бизни безбет, сурбет деб ўйлар, лекин аслида, жуда таъсирчан, кўнгилчан, нозик дид ва дилли одамлармиз. Умай Ҳайём, Алишер Навоий мисраларидан баҳру байт айтишларимизни кўрсангиз эди, сел бўлиб оқардингиз.

Кимки бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай,

Онча борким Каъба вайрон бўлса обод айлагай.

Кўрдингизми, биз ҳам шикаста кўнгилли одамлармиз, аслида. Давлатдан ойлик олиб ишлаймиз, кунни кун, тунни тун демай, халқ хизматимиздамиз. Ярим кечаси ҳамма иккинчи тушини кўраётганда бошлиқларимизнинг уйга кетишини пойлаб ўтирган бўламиз. Бола-чақамизни ҳафталаб, ойлаб кўрмаймиз. Шунча фидойилигимиз учун раҳмат айтиш, ҳурматимизни жойига қўйиш ўрнига бемаза қовуннинг уруғидай кўпайиб кетган бу балогирлар нуқул камчилигимизни қидирашади. Телефонларини ёқиб, кўзини тўрт қилиб, қоқилишимизни кутишади.

Ана, тунов куни ҳам мактабимиздаги энг яхши ўқувчиларга стипендия тарқатгандик. Атай қилмадик, лекин болаларимиз мактабнингмас, бутун қишлоғимизнинг энг намунали ўқувчилари бўлса нима қилайлик. Улар ўзлари ғолиб бўлган бўлса биздами айб? Бир балогир шуниям дарров Тилиғирромдаги каналига ёзиб чиқибди. Бир нималар деб гапни айлантириб, чувалаштириб баёнот бергандай бўлдик. Тепадагилар кўрса бўлди, уларам ўзимиздан, тўғри тушунишади. Тутуни чиқмасин, оловини кўрсатма, деб қўйишади.

Шунча гапни кимга айтдим, кимсан ўзи? Нима блог, блог, блогер! Қооо-о-ч! А-а-а-а! Уф-ф-ф, хайрият, тушим экан…

Ойимтилланинг тушини оққа кўчирган балогир, узр, блогер Санжар Саид.