Президентнинг 9 февралдаги «Қоракўлчилик тармоғини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.

Унга кўра, 2021 йил 1 мартгача қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган суғориладиган ерларни фойдаланишга киритиш шарти билан қоракўлчилик кластерларига озуқа учун ер майдонлари ажратилади.

Шунга мувофиқ, 2021 йил 15 февралгача 100 млрд сўм маблағлари «Туронбанк» АТБга Марказий банк асосий ставкасида ажратилади.

Ушбу маблағлар Республика «Қоракўлчилик» уюшмаси аъзоларига 3 йил муддатгача, шу жумладан 1 йиллик имтиёзли давр билан Марказий банк асосий ставкасига 2 фоизлик банк маржасини қўшиш орқали тақдим этилади.

2024 йил 1 январгача Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси эгалигидаги яйловлар ва Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан Қўмитага ижарага берилган яйловлар учун белгиланган ер солиғи 50 фоизга камайтирилади.

Шунингдек, наслдор қўй ва эчкининг, шу жумладан қоракўл зотли қўйларнинг хорижий давлатлардан импорт қилинган ҳар бир эмбрионига республика бюджети маблағлари ҳисобидан 400 минг сўм миқдорида субсидия тақдим этилади.

2021 йил 1 апрелдан Уюшма аъзоларига ўзлари томонидан импорт қилинган қўй бош сонининг 50 фоизидан ошмаган қисмини тирик ва хом гўшт кўринишида (ТИФ ТН бўйича 0104 ва 0204 кодлари) экспорт қилишга рухсат этилади.