Андижон вилоятида 7 қаватли уй қуришга рухсат олган тадбиркорнинг ўзбошимчалик билан яна бир қават қўшиб қургани аниқланди. Бу ҳақда Қурилиш вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Андижон шаҳар ҳокимининг 2019 йил 18 октябрдаги қарори, шунингдек, «Избоскансут» агрофирмалари ўртасида 2019 йил 30 июль куни тузилган келишув шартномаси ва шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги ер участкалари бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқувчи комиссиянинг 2019 йил 23 сентябрдаги далолатномасига асосан, фуқаро Б. У.га Андижон шаҳар Машраб кўчасида турар-жой биносига мослаб уй қуриш учун рухсат берилган.

Бино 400 кв.метр майдонда 7 қаватли, 24 хонадонли бўлиши керак эди.

Мазкур қарорга ва мутасадди ташкилотларнинг техник шартларига асосан Андижон вилоят қурилиш Бош бошқармаси томонидан 2019 йил 27 ноябрда тайёрланган. «Андижонфуқаролойиҳа» МЧЖ томонидан лойиҳа ҳужжатлари ҳам тайёрланиб, «SHAHARSOZLIK HUJJATLARI EKSPERTIZASI» давлат унитар корхонаси Андижон вилояти филиали томонидан 2020 йил 20 апрелда экспертиза хулосаси олинган.

Қайд этилган шаҳарсозлик ҳужжатларига таянган ҳолда, Андижон вилояти қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси томонидан 2020 йил 4 майда №297-сонли оммавий оферта расмийлаштирилган ҳамда инспекция томонидан белгиланган тартибда назорат ишлари олиб бориш жараёнида фуқаро Б.У. томонидан бинонинг юқори қисмига шаҳарсозлик хужжатларисиз ноқонуний равишда яна қўшимча 1 та қават қўшиб, қурилиш-монтаж ишлари (8 қаватда) амалга оширилаётганлиги аниқланди.

Ноқонуний қурилишга йўл қўймаслик бўйича қурилиш объектида масъул буюртмачининг техник ва лойиҳа ташкилотининг муаллифлик назорати ходимлари томонидан ҳеч қандай қонуний чоралар кўрилмагани маълум қилинди.

Буюртмачи томонидан техник назоратга масъул этиб тайинланган Д.Н. эса қурилиш соҳаси бўйича маълумот ва тажрибага эга эмаслиги, савдо йўналишида фаолият юритиши аниқланган. Шу боис ҳудудий инспекция томонидан Б.У.га қурилиш жараёнида техник назорат олиб бориш учун ушбу соҳада тажрибага эга бўлган масъул шахсни тайинлаш бўйича ҳам кўрсатма берилди.

Ҳозирда тадбиркор томонидан ноқонуний амалга оширилган қурилиш-монтаж ишлари ўз ҳисобидан бузилмоқда ва мазкур жараён Андижон вилоят қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси томонидан назоратга олинган, дейилади хабарда.