Ўзбекистонда ҳар йили 1700−1800 аёл бачадон бўйни саратонига чалинади, уларнинг 42 фоиздан ортиғи вафот этади. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари ўринбосари Ботир Қурбонов маълум қилди.

Ўлимларнинг аксарияти — ташхисни кеч қўйиш натижасида рўй беради. Бачадон бўйни саратони касаллигини келтириб чиқарувчи сабабларнинг асосийси (98−99 фоизи) одам папиллома вируси (ОПВ) хисобланади.

Ботир Қурбонов мамлакатда бачадон бўйни саратони барча ёшдаги аёллар ўртасида кўкрак бези саратонидан кейинги ўринда турадиган ва энг кенг тарқалган саратон хасталиги эканлигига эътибор қаратди.

Касалликлардан ўлим кўрсаткичи бўйича эса, бачадон бўйни саратони барча ёшдаги аёллар ўртасида кўкрак бези ва ошқозон саратони туфайли ўлимдан кейин учинчи ўринда ва туғиш ёшидаги аёллар (15−44 ёш) орасида бачадон сартонидан ўлим кўрсаткичи иккинчи ўринда туради.

Санитария-эпидемиологик хизмат раҳбари ўринбосарининг айтишича, одам папиллома вируси бу бутун дунёда жуда кенг тарқалган бўлиб, эркак ва аёлларда ҳам энг кўп учрайдиган инфекциялардан биридир. Ушбу вируснинг 190 дан ортиқ тури мавжуд бўлиб, улардан камида 13 хили саратон касаллигини чақиради.

«Ушбу вирус асосан жинсий органлар орқали юқадиган вируслар туркумига киради. Вирус эркакларда ҳам аёлларда ҳам саратон касаллигини келтириб чиқариши билан хавфли ҳисобланади. ЖССТ маълумотларига кўра ҳар йили дунё бўйича 370 мингдан ортиқ шахс ушбу касаллик билан касалланиб улардан 190 минг нафари мана шу касаллик оқибатида вафот этади», — деди у.