Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг халқаро гуруҳи 14 январь куни COVID-19 ни келтириб чиқарувчи Sars-Cov-2 вирусининг тарқалиш сабабларини ўрганиш учун 2019 йил декабрнинг охирида касаллик ўчоғи илк бор аниқланган Хитойнинг Ухан шаҳрига борган эди.

Олимлар икки ҳафта давомида илмий тадқиқот институтлари, шифохоналар вакиллари ҳамда шаҳардаги денгиз маҳсулотлари бозори ходимларидан интервью олди.

Душанба, 9 февраль куни экспертлар ўз хулосалари билан ўртоқлашдилар. Улар касалланиш лабораторияда инфекция сизиб чиқиши натижасида юзага келган бўлиши эҳтимолини жуда паст деб ҳисобламоқдалар, дея хабар қилди РИА Новости.

«Биз вируснинг одамларга қандай юқиши мумкинлиги тўғрисида тўртта фаразни илгари сурдик… Биринчиси, ҳайвондан одамга тўғридан-тўғри юқиши. Иккинчи гипотеза, вирус одамга энг яқин бўлган оралиқ ҳайвондан юққан бўлиши мумкин, яъни ушбу вирус одамга юққунига қадар мослашиб, айланиб юрган бўлиши мумкин. Учинчи версия — бу озиқ-овқат занжири, айниқса музлатилган озиқ-овқат, унинг сирти одамга ёки озиқ-овқат орқали вирусни юқтириш манбаи бўлиши мумкин. Ва охиргиси лаборатория билан боғлиқ ҳодиса бўлиши мумкин», — деди ЖССТ халқаро гуруҳи раҳбари Питер Бен Эмбарек.

Унинг таъкидлашича, мутахассислар барча фаразларни диққат билан ўрганиб чиқишган. Энг катта эҳтимол билан вирус оралиқдаги ташувчи орқали юқтириб олинган бўлиши мумкин. ЖССТ мутахассислари келгусида ушбу фаразни ўрганмоқчи.

Бундан ташқари, мутахассисларнинг фикрича, музлатилган озиқ-овқат маҳсулотларининг юзаси орқали вирус юқиши эҳтимоли ҳам катта. Бу вирусни узоқдан ташиб келинган бўлиши эҳтимолини илгари сурмоқда.

Учинчи эҳтимолга кўра, вирус кўршапалаклардан тўғридан-тўғри юққан бўлиши мумкин. Шу билан бирга, вируснинг лабораторияда сизиб чиқиш йўли билан инсонга юққан бўлиши эҳтимоли жуда паст. Ушбу фараз экспертлар келгусида вируснинг келиб чиқиш сабабларини аниқлашга қаратилган ўрганишлар учун тавсия қилинадиган фаразлар ўртасида юқори ўринларда турмайди.