Қирғизистоннинг янги сайланган президенти Садир Жапаров BBC агентлигига берган интервьюсида президентлиги давомида авторитар ҳокимият ўрнатмоқчи эмаслигини айтиб, Ўзбекистон мисолини келтирди.

«Бу ҳар бир одамнинг ўзига боғлиқ бўлади. Менда авторитар бошқарувни ўрнатиш нияти йўқ. Ўрнатмаймиз. Бунга кучимиз ҳам, иродамиз ҳам етади. Буни вақт ҳам кўрсатади. Кучимиз қонун устуворлиги ва адолат диктатурасини ўрнатишга етади. Худо хоҳласа, ўрнатамиз», — деди Қирғизистон президенти.

Жапаров бунга мисол келтиришини айтиб, Ўзбекистонни тилга олди.

«Қўшни Ўзбекистонни олинг, Каримов даврида кучли диктатура эди. Уни бутун дунё биларди, қўшни давлатлар ва биз ҳам билганмиз. Шавкат Мирзиёев келгач, диктатурани олиб ташлаб, дунёга эшигини очди. Эшигини очгандан кейин ҳозир қандай ўзгаришлар бўляпти?! Агар диктатурани ўрнатаман деса, Ислом Каримовнинг диктатурасини давом эттириб кетса бўлар эди. Аммо давом эттирмади-ку. Бу ҳар бир одамнинг ўзига боғлиқ», — деди у.

«Бўлмаса, Ислом Каримов билан ишлаган, бирга бошқарган. У киши вафот этгандан кейин ҳокимият қолгач, барча диктатурани йўқ қилиб, дунёга эшигини очди. Қўшни давлатлар ва узоқдаги мамлакатлар билан бирга ишлаб, ҳозир инвестиция кириб, мисли кўрилмаган даражада иқтисодий ўсиш бўляпти. Халқнинг турмуши ҳам фаровонлашяпти», — деди Қирғизистон президенти.

Садир Жапаров «ҳаммаси одамнинг ўзига боғлиқлигини» таъкидлади. «Агар менинг ҳам диктатура ўрнатгим келса, ўз қўлимда-да. Бу қонунлар қандай ёзилиши, бош қомуснинг қандай ёзилишига боғлиқ эмас. Ўрнатаман десанг, ўрнатаверасан. Аммо биз бундай қилмоқчи эмасмиз. Сабаби ҳеч ким бенуқсон эмас. Бизнинг ҳам замонимиз ўтади. Беш йил, ўн йилдан кейин ўтадими, бизнинг ҳам вақтимиз тугайди», — дея якунлади фикрини президент.

Садир Жапаров январь ойининг бошида бўлиб ўтган сайловларда 79 фоиз овоз билан Қирғизистон президенти этиб сайланганди.

Қирғизистондаги президентлик сайловлари аввалги давлат раҳбари Сооронбай Жээнбеков 2020 йил октябрь ойида истеъфога чиққандан сўнг эълон қилинди. Бу парламент сайловлари натижалари эълон қилингандан кейин пайдо бўлган норозиликлар натижасида содир бўлди.

Намойишлар пайтида Садир Жапаров тартибсизликларни уюштирганлик ва гаровга олганликда айбланиб колонияда 10 йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда эди. Унинг ўзи айбловларни сиёсий сабаб деб атаган. Уни намойишчилар озод қилган ва эртаси куни парламент уни бош вазир лавозимига номзод сифатида тасдиқлаган.