Якшанба куни бўлиб ўтган Қирғизистондаги навбатдан ташқари президентлик сайловларида Садир Жапаров дастлабки маълумотларга кўра 79,25 фоиз овозларни қўлга киритди, деб хабар берди «Кабар» АА.

Сайловдан кейинги матбуот анжуманида у фуқароларга унинг номзодини қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдирди. «Сиз менга куч ва ишонч берасиз, мен сизнинг ишончингизни оқлашга ваъда бераман», деди у.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирги пайтда Қирғизистон энг оғир кунларни бошдан кечирмоқда ва яқин келажакда у фуқароларнинг қўллаб-қувватлашига муҳтож.

«Биласиз, бир-икки йил ичида иқтисодиётни кўтаришнинг иложи йўқ. Бизга сиёсий барқарорлик керак. Биз аввалги ҳукуматнинг хатоларини такрорламаймиз. Эски мутасадди ва порахўр амалдорлардан қутулишимиз керак», — деди Садир Жапаров ўз тарафдорларига мурожаат қилиб.

Сайловда ғалаба қозониш учун президентликка номзод 50 фоиздан кўпроқ овоз олиши керак.

Умумий ҳисобда сайловларда 1 млн 399 дан ортиқ киши иштирок этди, бу сайловчиларнинг 37,59 фоизини ташкил этади.

Бошқа номзодлар (18 та) қуйидагиги ҳисобда овоз йиғишди:

  • Мадумаров Адахан — 6,69%;
  • Толбоев Бабйржан — 2,32%;
  • Арстанбек Мйктйбек — 1,67%;
  • Сегизбаев Абдил — 1,47%;
  • Ташов Имомидин — 1,19%.

Сайловчиларнинг 1,33 фоизи ҳаммага қарши овоз берди.

Шу билан бирга, мамлакатда бошқарув шакли бўйича референдум ўтказилди. Сайловчиларнинг 81,29% президент бошқарув шакли учун, 10,85% сайловчилар парламент шакли учун, 4,43% ҳаммага қарши овоз беришди.

Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси маълумотларига кўра, Тошкентдаги овоз бериш жараёнида 174 нафар қирғизистонлик қатнашган.

Қирғизистондаги президентлик сайловлари аввалги давлат раҳбари Сооронбай Жээнбеков 2020 йил октябрь ойида истеъфога чиққандан сўнг эълон қилинди. Бу парламент сайловлари натижалари эълон қилингандан кейин пайдо бўлган норозиликлар натижасида содир бўлди.

Намойишлар пайтида Садир Жапаров тартибсизликларни уюштирганлик ва гаровга олганликда айбланиб колонияда 10 йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда эди. Унинг ўзи айбловларни сиёсий сабаб деб атаган. Уни намойишчилар озод қилган ва эртаси куни парламент уни бош вазир лавозимига номзод сифатида тасдиқлаган.

Сооронбай Жеэнбеков истеъфога чиққандан сўнг, парламент спикери Канат Исаев президентлик лавозимини рад этди ва Садир Жапаров президент лавозимини эгаллади.