Ўзбекистонга Pfizer ва BionTech компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган 100 минг дона вакцина олиб келинади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари — Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиев вазирлик матбуот хизматига маълум қилди.

«Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ҳамкор ташкилотлар томонидан «COVID-19»га қарши вакцинани амалиётга киритиш учун мамлакатимиз аҳолисининг 20 фоизи миқдорида буюртма тайёрланиб, COVAX фондига юборилди, — дейди Б. Юсупалиев. — Ҳозирда GAVI («Эмлаш ва иммунизация бўйича глобал алянс») ташкилоти билан ҳамкорликда Американинг Pfizer ва Германиянинг BioNTech компанияси томонидан ишлаб чиқарилган коронавирусга қарши Comirnaty вакцинасини Ўзбекистонга 100 минг доза миқдорида олиб келиниши бўйича ишлар олиб борилмоқда».

Pfizer/Biotech вакцинасини юқори совуқлик занжирига жиддий риоя этган ҳолда -70 ℃ ҳароратда сақлаш талаб этилади. «Юртимизда -70 ℃ ҳароратни сақлайдиган музлатгичлар мавжуд», — дейди вазир ўринбосари.

Ҳозирда коронавирусга қарши эмлаш жараёнини пухта режалаштириш ва тиббиёт ходимларини махсус xавфсиз иммунизация шартлари бўйича тайёргарликдан ўтказиш, айниқса, вакцинатор, реаниматологлар ва бошқа тиббиёт ходимларини тайёрлаш ишлари бошлаб юборилганлиги айтилди.

«Таъкидлаш жоизки, юртимизда 2−8 ℃ ҳароратга мўлжалланган совуқлик занжири инфратузилмаси мавжуд бўлиб, бу тизим ЖССТнинг барча талабларига жавоб беради ва хавфсиз эмлаш амалиётини кафолатлайди», — дейди Баходир Юсупалиев.

Эмлаш жараёнига тайёргарлик кўриш мақсадида GAVI ташкилоти томонидан 17 та катта хажмдаги рефрижераторлар ва 206 та юк ташувчи минивен автотранспорт воситалари тақдим этилганлиги таъкидланди.