Бош прокуратура матбуот хизмати «Газета.uz» га хабар беришича, Бухоро шаҳар маданият бўлими собиқ раҳбари В.Н. ва бошқалар маданият бўлимига тегишли 24 дона 89,8 млн сўмлик рангли «LED» экранларини белгиланган талабларга зид равишда ҳисобдан чиқарганликлари аниқланди.

Бундан ташқари, вилоят маданият бошқармасидан қабул қилиб олинган 173,6 млн сўмлик «LED» экранларини Бухоро шаҳар маданият бўлимига топширмасдан, 263,5 млн сўмлик давлат мулкини растрата қилиш йўли билан талон-торож қилганликлари маълум бўлган.

Ушбу ҳолат юзасидан В.Н. ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Бундан аввал, «Ўзбекнефтгаз» ҳудудий бошқармаси масъул ходимлари 297,8 млн сўмлик қувур ва қора металларни талон-торож қилганлиги хақида хабар берган эдик.

Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан 2020 йилнинг 9 ойи давомида жами 1 млрд 384 млн сўмлик талон-торожлик, молиявий хато ва камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланган.