10 январь куни Косонсой туманида истиқомат қилган фуқаро И.Жуманов «Наманган суюқгаз» шохобчасига навбатда турган вақтида, таҳминан соат 01:30 ларда вафот этди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Бош прокуратура Давлатобод туман ИИО ФМБ навбатчилик қисмининг маълумотига таяниб хабар берди.

Беш фарзанднинг отаси, 1952 йилда туғилган фуқаро «Жигули» автомашинасини суриб ҳаракатлантириб келаётган вақтида тўсатдан асфалтга чап юз соҳаси билан йиқилган. Натижада чап юз ҳамда бош мия соҳасидан тан жароҳати олган ва ҳодиса жойида вафот этган.

Воқеа жойига шаҳар прокурорининг ўринбосари Д.Абдуллаев, шаҳар прокурорининг катта ёрдамчиси Б.А.Дадабоев ва шаҳар ИИО ФМБ тезкор ходимлари боришган.

Дастлабки тиббий маълумотномада мархум И.Жуманов тез ёрдам бўлими етиб келган вақтда вафот этиб бўлгани, юз соҳасида шилиниш жароҳатлари борлиги, танасида тан жароҳатлари йўқлиги маълум қилинган.

Namanganliklar Telegram-канали ёзишича, нафақахўрга тегишли машина совуқда кўп қолиб кетиши натижасида музлаб қолган. Фойдаланувчилардан бири кундан-кунга навбатда туриш «4−5−6 соатгача» кўпайиб бораётганини айтган.

Воқеа жойи кўздан кечирилиб, И.Жумановнинг вафот этгани ҳолати юзасидан суд-тиббий экспертизаси тайинланди. Шаҳар прокуратураси томонидан терговолди текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 4 январь санасидан бошлаб, газ қуйиш шохобчалари газ босими пастлиги туфайли чекланган режимда, соат 5:00 дан 15:00 гача ишламоқда.