Республиканинг бир қатор вилоятларида автомобилларга газ қуйиш компрессор шоҳобчалари (АГҚШ) чекланган иш режимига ўтказилмоқда, дея хабар берди Энергетика вазирлиги «Газета.uz» га. Ижтимоий тармоқларда тарқалган «Худудгаз Пойтахт» хабарида чекловлар 4 январь куни жорий қилинганлиги қайд этилган.

Энергетика вазирлигининг тушунтиришича, ҳозирда Муборак нефт ва газ қазиб олиш бошқармасининг конларида тўхтаб қолган барча 14 та насос агрегатлари нормал ишламоқда, Муборак газни қайта ишлаш заводидан келадиган газ таъминоти тўлиқ тикланди.

Шунга қарамай, магистрал газ қувурларида барқарор газ босимини таъминлаш учун АГҚШ станциялари вақтинча соат 05:00 дан кечки 15:00 гача ишлайди. Чекловлар маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган ҳолда жорий этилади, дейилади бошқарма хабарида.

Маълум қилинишича, 4 январь куни етказиб берилмаган ҳажмлар ўрни тўлдирилмаганлиги сабабли, зарур бўлган газ босимини тиклаш билан боғлиқ қийинчиликлар юзага келади. Яна бир асосий сабаб бу ҳарорат пасайиши сабабли газ истеъмолининг кўпайиши.

Шу сабабли биринчи даражали вазифа республика аҳолисини узлуксиз табиий газ билан таъминлаш ва «Иссиқлик электр станциялари» АЖ корхоналарини электр энергияси билан таъминлаш бўлмоқда.

Аввалроқ Муборак газни қайта ишлаш заводидан газ етказиб бериш деярли тўлиқ тўхтатилганлиги сабабли Андижон вилоятида газ таъминотида узилишлар кузатилгани ҳақида хабар берилган эди.