АОКАда бўлиб ўтган брифингда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирининг биринчи ўринбосари, «Ўзсувтаъминот» АЖ бошқаруви раиси Соҳиб Саифназаров қувурларнинг эскиргани сув йўқотилишига олиб келаётганини таъкидлади.

«Энг катта муаммолардан бири сувнинг йўқотилиши. Қувурларнинг 35 фоизи эскирган, уларни алмаштириш керак. Бу борада белгиланган вазифалар албатта бажарилади. Сув иншоотларида ҳам янги, энерегия тежамкор ускуналар ўрнатилади», — деди Саифназаров.

У шунингдек, Осиё тараққиёт банки билан биргаликда сув бошқариш тизимида рақамли сув таъминоти дастурини амалга оширилишини қўшимча қилди. Асосий эътибор сув етказиб беришда энергия тежашга қаратилаётгани айтилди.

«Ҳозирги ишлаётган насослардан 30−35 фоизи манан эскирган ва жуда ҳам кўп энергия сарфламоқда. Ҳозирги кунда электр энергиянинг сувни таннархидаги улуши 47 фоизни ташкил қилмоқда. Бошқа давлатларда бу кўрсаткич 20−25 фоиз. Шу борада 2021 йилнинг ўзида мингга яқин насосларни алмаштириш кўзда тутилган. Ўтган йили қуёш панелларини ўрнатиш бўйича пилот лойиҳалари бўлди, шу йилни ўзида алоҳида турган сув иншоотларига камида 200 та қуёш панеллари қўйилади», — деди Соҳиб Саифназаров.

Бундан ташқари, энергия самарадорлигини ошириш бўйича Жаҳон банки билан келишувга эришилгани ва 2021 йилнинг ўзида Энергия самарадорлик жамғармаси ташкил этилиши маълум қилинди. Бу орқали кўп энергия сарфлаётган техник ускуналар ўзгартирилиши таъкидланди.