АҚШ, Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлари «Марказий Осиё инвестициявий шериклиги» ташаббусини йўлга қўйди. Бу тўғрисидаги қўшма баёнот матни 7 январь куни эълон қилинди.

Мазкур ташаббус орқали АҚШ Халқаро тараққиёт молия корпорацияси (DFC), Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва Қозоғистоннинг «Астана» Халқаро молия маркази томонидан Марказий Осиё ва минтақадаги хусусий сектор ўсишига ҳамда иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга хизмат қиладиган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун беш йил ичида камида 1 млрд доллар маблағларни жалб этилиши кутилмоқда.

«Марказий Осиё инвестициявий шериклиги»нинг мақсади халқаро инфратузилма сифат стандартларига жавоб берадиган ҳамда инклюзив, шаффоф ва барқарор инвестициялар ҳажмининг ўсишига кўмаклашувчи хусусий сектор соҳасидаги лойиҳаларни илгари суришдан иборат бўлади.

Шундай қилиб, шериклар лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширишга ҳисса қўшади ва минтақага қўшимча хусусий инвестициялар кириб келишини фаоллаштиради.

«C5+1» платформаси орқали амалга оширилаётган ушбу ташаббус Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиётини мустаҳкамлаш ва ўсишини таъминлаш мақсадида савдо-сотиқни ошириш, комплекс ривожланишни рағбатлантиришга қаратилади. «Минтақа COVID-19 пандемиясининг иқтисодий оқибатларини енгиб ўтишга интилар экан, бундай ҳамкорлик ва барқарорлик ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ», — дейилади хабарда.

Минтақавий лойиҳаларни қўллаб-қувватлашдан ташқари, DFC Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда «Остона» халқаро молия маркази билан ўзаро англашув меморандумларини имзолаш орқали Марказий Осиёда шерикликни чуқурлаштиришда давом этади.