Хонанда Жасур Умировга оид жиноят иши 6 январь куни Каттақўрғон шаҳар судида мазмунан кўриб чиқилади. У Жиноят кодексининг 118-моддаси (номусга тегиш) 3-қисми «а» банди билан айбланмоқда. Ҳозирда унга нисбатан «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган.

Умиров иши жинсий жиноят бўлгани боис ёпиқ тарзда кўрилади. «Ушбу жиноят иши Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси (судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши) 1-қисми талабларига мувофиқ ёпиқ тарзда кўриб чиқилади», — дейилади Олий суд хабарида.

Бунга қадар, Самарқанд вилоят прокуратураси иш судга юборилгани ва тергов давомида хонанданинг айби мақбул далиллар билан тўлиқ тасдиқланганини маълум қилган эди.

Бундан ташқари, жиноят ишида А. З. ва Ш. Қ. ҳам ЖКнинг 238-моддаси (ёлғон гувоҳлик бериш) 1-қисми ва 241-моддаси (жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш) 2-қисми билан айбланмоқда.

Телеграмдан фойдаланасизми? Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун каналимизга аъзо бўлинг.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бош прокуратура хонанданинг вояга етмаган қизни зўрлаб, номусига теккани ҳақидаги хабар бўйича баёнот берган эди. Унга кўра, Каттақўрғон туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлимининг жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги қарори бекор қилиниб, қўшимча текширув ҳаракатларини олиб бориш белгиланган эди. Кейинчалик, текширув ҳаракатларидан сўнг жиноят иши қўзғатилган эди.