Хонанда Жасур Умиров вояга етмаган Ш. М.ни номусига текканлиги ҳолати юзасидан 9 декабрь куни Самарқанд вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан жиноят иши қўзғатган ва ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари бормоқда. Бу ҳақда вилоят прокуратураси хабар берди.

Ш. М. адвокати М.Рустамова билан биргаликда вилоят прокуратурасига мурожаат этиб, тергов ҳаракатларидан норозиликларини баён этишган. Шундан сўнг, жиноят иши вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган.

Ишда тўпланган далиллар асосида хонандага нисбатан 118-моддаси 3-қисми «а» банди (ўн саккиз ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш) билан айб эълон қилиниб, суднинг 21 декабрь кунидаги ажримига асосан унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.

Жиноят иши тергови вилоят прокурори Равшан Машарипов томонидан алоҳида назоратга олинди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бош прокуратура хонанданинг вояга етмаган қизни зўрлаб, номусига теккани ҳақидаги хабар бўйича баёнот берган эди. Унга кўра, Каттақўрғон туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлимининг жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги қарори бекор қилиниб, қўшимча текширув ҳаракатларини олиб бориш белгиланган эди. Кейинчалик, текширув ҳаракатларидан сўнг жиноят иши қўзғатилган эди.