Самарқанд вилояти прокуратураси томонидан Kun.uz сайтида эълон қилинган «Машҳур хонанда вояга етмаган қизнинг номусига теккани айтилмоқда. ИИБ жиноий иш очишни рад этди» сарлавҳали мақоласи юзасидан Каттақўрғон тумани ИИБ ҳузуридаги ТБнинг жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақидаги қарори назорат тартибида ўрганиб чиқилди, дея хабар берди Бош прокуратура матбуот хизмати.

Аниқланишича, 17 июнь куни Ургут тумани Бахрин қишлоғида яшовчи фуқаро Ф. Р. Каттақўрғон тумани ИИБ бошлиғига ариза билан мурожаат қилиб, ўз аризасида 13 июнь куни вояга етмаган қизи Ш. М. дугонаси Д. С. Каттақўрғон туманига олиб келиб, уни қўшиқчи Ж. У. ва унинг бир ўртоғи билан таништиргани, Ж.У. ва унинг ўртоғи уларни бир уйга олиб борганлигини ва шу куни Ж.У. уни зўрлаб номусига теккани, шу сабабли Ж.У.га нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Судга оид тиббиёт экспертизанинг 2020 йил 26 июндаги хулосасида фуқаро Ш. М.нинг танасида, яъни кўз юқори қовоқлар, иккала болдир, ўнг билак соҳаларида қонталашлар каби жароҳатлар аниқланиб, ушбу жароҳатлар суд-тиббий текширувига қадарли бир кундан кўп, икки кундан кам бўлган вақт оралиғида етказилган бўлиши мумкинлиги кўрсатилган.

Мазкур мурожаат юзасидан Каттақўрғон туман ИИБ ҳузуридаги ТБ терговчиси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари ўтказилиб, унинг натижасига кўра, 10 июль куни ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган.

Тўпланган ҳужжатлар Самарқанд вилояти прокуратураси томонидан назорат тартибида ўрганиб чиқилганда, бир қатор терговга қадар текширув ҳаракатлари тўлиқ бажарилмаганлиги, ЖПКнинг 22-моддасида кўрсатилган терговчи жиноят юз берганлигини, унинг содир этилишида ким айбдорлигини шунингдек, у билан боғлиқ барча ҳолатларни аниқлаш шартлигини, иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб кўрилмасдан шошма-шошарлик билан қабул қилинганлиги аниқланди, дейилади баёнотда.

Юқоридагиларга кўра, Каттақўрғон туман ИИБ ҳузуридаги ТБнинг 10 июль кунги жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисида қабул қилган қарор Самарқанд вилояти прокуратураси томонидан 10 сентябрь куни бекор қилиниб, қўшимча текширув ҳаракатлари олиб бориш учун Каттақўрғон туман ИИБ ТБга юборилди.