Самарқанд шаҳридаги 4-умумтаълим мактаби қозонхонасида портлаш содир бўлди, дея хабар берди Daryo.

Хабарга кўра, воқеа 2 январидан 3 январга ўтар кечаси содир бўлган.

2 январь куни, тахминан, соат 23:00 да мактаб ва ушбу ҳудуддаги маҳалларда 40 дақиқа электр узилиши кузатилган. Натижада газ босими кўтарилган. Мактабнинг қозонхона назоратчиси 50 ёшли Ҳ. қозонхонага кирган пайтида, портлаш содир бўлган.

Портлаш натижасида бошидан оғир тан жароҳати олган қозонхона ишчиси Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд вилоят бўлимига ётқизилган. 3 январь куни кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан қозонхона ишчиси вафот этган.

Самарқанд вилояти ИИБнинг аниқлик киритишича, ушбу ҳодиса юзасидан Жиноят кодексининг 257-моддаси 2-қисмининг «а» банди (меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.