Коррупцияга қарши курашиш агентлиги «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги ҳужжат лойиҳасини жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилди.

Ҳужжатга мувофиқ, коррупция тўғрисида ахборот бераётганларнинг шахси сир сақланиши, ўзи ва яқин қариндошларининг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиниши давлат томонидан кафолатланади. Бу борада тегишли ўзгартиш ва қўшимчаларни қонуннинг 28-моддасига киритиш таклиф этилмоқда. Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахслар тўғрисидаги маълумотлар давлат сирини ташкил этади ва ошкор қилиниши мумкин эмас. Қонунда белгиланган чеклашлар бундан мустасно.

Лойиҳага кўра, коррупция тўғрисида ахборот бераётган шахсларга, шунингдек уларнинг яқин қариндошларига зўрлик ишлатиш ёки мол-мулкини йўқ қилиш билан ҳақиқатда таҳдид қилинаётганлигидан далолат берувчи етарли маълумотлар мавжуд бўлган тақдирда, коррупцияга қарши курашиш фаолиятини амалга оширувчи органлар уларнинг ҳаёти, соғлиғи, шаъни, қадр-қиммати ва мол-мулкини ҳимоя қилиш юзасидан зарур чоралар кўриши шарт.

Шунингдек, Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахсларга ва уларнинг яқин қариндошларига уларнинг коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот тақдим этганлиги туфайли тажовуз қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.

Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахсларни рағбатлантириш Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.

Бундан ташқари, Ушбу модданинг қоидалари коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида била туриб ёлғон ахборот берган шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди, улар қонунга мувофиқ жавобгар бўлади.

Қонун лойиҳаси муҳокамаси 2021 йил 8 январга қадар давом этади.