Амударё орқали Хоразм вилояти Қорақалпоғистон Республикасини боғловчи 413 метрлик кўприк қурилиши бошланди.

Президент Шавкат Мирзиёев 13 декабрь куни Хоразм вилоятига қилган ташрифи чоғида, шунингдек, Қораўзак туманидан Шовот туманигача 79 километрлик темир йўл қурилиши бўйича ҳам топшириқ берган эди.

Амударё тумани бошқа ҳудудлардан узилиб қолган, шунингдек, темир йўл тармоқларига ҳам тўғридан-тўғри боғланиш имкони мавжуд эмас. Автомобиль транспорти қатнови ҳам чекланган, чунки Амударёдан ўтиш учун фақат 1938 йилда қурилган понтон кўприкдан фойдаланилади.

Янги кўприкнинг қурилиши Россия ва Қозоғистондан юкларни ташиш масофасини 240 километрга, юкларни ташиш вақтини эса 6 соатга қисқартиради. Юк ташиш ҳажми икки баравар кўпаяди ва йилига 25 млн тоннани ташкил этади.

Лойиҳа «Ўзбекистон темир йўллари» нинг маблағлари ва кредит ресурслари ҳисобига амалга оширилади. Кўприк қуриш ишларини «Кўприкқурилиш» трести («Ўзбекистон темир йўллари» таркибига киради) олиб боради.

ЎзАнинг хабар беришича, кўприк қурилиши 2022 йил сентябр ойига якунланиши режалаштирилган.