Ўмоннинг Маскат шаҳрида анъанага мувофиқ, Осиё Олимпия Кенгаши (ООК)нинг навбатдаги Бош Ассамблеясидан бир кун аввал 74-Ижроия қўмитаси йиғилиши бўлиб ўтди.

МОҚ матбуот хизмати хабар беришича, йиғилишда ташкилот раҳбариятининг янги таркиби ва Ижроия қўмитасига аъзолари, жумладан, Марказий Осиё ММА Конфедерацияси раҳбари Отабек Умаров ООК вице-президентлигига сайланди.

ООК Конституциясида (қоидаларни қўллаш, 71 ва 76-моддаларига асосан) 5 йирик комплекс мусобақаларга мезбон мамлакат ООК вице-президенти лавозимига номзод кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлиши қайд этилган. Ўзбекистон 2025 йил IV ёшлар Осиё ўйинларини қабул қилиши эвазига биринчи марта ўз вакилини олимпия ҳаракатига масъул бўлган ташкилот раҳбариятига номзод сифатида кўрсатди.

«Авваламбор, менга билдирилган юксак ишонч учун барчага ўз миннатдорчилигимни билдириб қоламан. Бундай нуфузли ташкилотда мамлакатимиз манфаатларини ҳимоя қилиш, қитъада олимпия ҳаракатини ривожлантиришга ҳисса қўшиш мен учун шараф. Тошкентда ўтадиган 2025 йилги ёшлар Осиё ўйинларини ўтказиш янги Ўзбекистон учун жаҳон ҳамжамияти олдидаги жиддий синовлардан бири. Муҳтарам президентимиз ва ҳукуматимизнинг қўллаб-қувватлаши билан ушбу мусобақани юқори савияда ташкил қилишга бор куч ва ғайратимизни ишга соламиз», — деди Отабек Умаров.

16 декабрь куни Маскатда Осиё Олимпия кенгашининг Бош Ассамблеяси йиғилиши бўлиб ўтади. Унда Отабек Умаров расман ООК вице-президенти сифатида иштирок этади. Шу билан бирга, Ассамблея доирасида ООК ва Ўзбекистон томони ўртасида 2025 йил ёшлар Осиё ўйинларини Тошкентда ўтказиш бўйича шартнома имзолаш маросими ўтказилади.

Аввалроқ, 9 декабрь куни ООК вице-президентлигига Отабек Умаров номзоди Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Ижроия қўмитасининг навбатдан ташқари йиғилишида кўриб чиқилиб, бир овоздан маъқулланган эди.