Тошкент шаҳар ИИББ баёнотига кўра, 13 декабрь куни 15:00ларда Юнусобод тумани ИИО ФМБ инспекторлари «Универсам» савдо комплекси яқинидаги ер ости йўлагида ноқонуний савдо билан шуғулланувчи шахсларга нисбатан чора кўриш ҳақидаги кўплаб мурожаатлардан сўнг воқеа жойига етиб келган.

Савдо молларини териб қўйган оила (эркак, аёл ва уларнинг ўғли) ходимларнинг йўлакни бўшатиш тўғрисида огоҳлантиришига рад жавобини берган ва белгиланган жавобгарлик ҳақидаги огоҳлантиришларга аёл ва эркак қўпол тарзда жавоб берган.

Баёнотда айтилишича, улар жанжал кўтарган, ўғил эса ИИО ходимлари билан муштлашмоқчи бўлган, воқеа жойига етиб келган патруль-пост хизмати ходимини юзига урган.

Ер ости йўлагида ноқонуний савдо қилувчи шахслар томонидан келиб чиққан тартиббузарлик ва ноқулайликлардан норози бўлган ўндан ошиқ ҳодиса гувоҳлари кўрсатма бериш мақсадида ички ишлар бўлимига ихтиёрий равишда етиб келишди.

Шунингдек баёнотга асосан, интернет тармоғида тарқаган видеода ички ишлар органлари ходимларининг жамоат тартибини бузишни бас қилиш ҳақидаги талабларига бўйсинмасдан фаол қаршилик кўрсатган Абдураҳим Хидировнинг қўлга олиниши тасвирга тушган. Ерда ётган аёл — 42 ёшли Холисхон Турдиева савдо моллари сумкасининг устига ётиб, ходимлар уни ички ишлар бўлимига олиб кетишига қаршилик кўрсатмоқчи бўлган.

Ходимлар унинг қўлларига кишан тақиб, уч нафар фуқарони шахсини аниқлаш ва кейинги суриштирувлар учун ИИБга олиб кетган.

Ҳодиса юзасидан тергов олди текшируви ўтказилмоқда.