«Фотон» АЖнинг давлат акциялари пакети россиялик инвесторларга таклиф қилинди. Жума куни Тошкентда ўтказилган давра суҳбатида «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Мансур Ҳошимов шу таклифни Россия томонига билдирди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

«Фотон» заводига 1942 йилда асос солинган ва ҳозирда 68 минг метр квадратга яқин майдонда иккита ишлаб чиқариш биносига эга. Давлат 257 нафар мутахассис ишлайдиган корхонанинг 83,15 фоиз акцияларига эгалик қилади. «Фотон» 30 дан ортиқ турдаги яримўтказгич маҳсулотлар ва чиплар, телевизорлар, чангютгичлар, онлайн назорат-касса аппаратларини ишлаб чиқариш билан шуғулланади.

Мансур Ҳошимовнинг сўзларига кўра, ишлаб чиқарилган яримўтказгичли маҳсулотлар ҳукуматлараро келишув доирасида мудофаа саноати корхоналари эҳтиёжлари учун Россияга тўлиқ экспорт қилинмоқда. 2020 йилнинг январь-ноябрь ойларида жами 1,17 млн долларлик маҳсулот экспорт қилинган [2019 йилда — 1,33 млн долларлик].

«Корхонанинг электрон қурилмаларни ишлаб чиқаришдаги узоқ йиллик тажрибасини, соҳадаги малакали техник мутахассислар мавжудлигини, шунингдек, Россия Ўзбекистоннинг стратегик муҳим аҳамиятга эга иттифоқдоши эканини инобатга олган ҳолда «Фотон»нинг 85,15 фоиз миқдордаги акциялар пакетини сотиб олиш имкониятини таклиф қилмоқчимиз», — деди Мансур Ҳошимов.

У шу билан бирга, «Фотон» базасида мудофаа комплекси ва халқ хўжалиги корхоналари учун электрон қурилмалар ҳамда маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ташкиллаштиришни таклиф этган: микросхемалар, юқори вольтли тўғирлагич устунлар, ярим ўтказгичли тўғирлагич ва куч диодларини, майдон транзисторлари, операцион кучайтиргичлар ва бошқалар.

«Ўзэлтехсаноат» уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Россия тажрибасини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон электроника ва электротехника соҳасида ривожланиш стратегиясини биргаликда ишлаб чиқиш таклифини илгари сурди.

Бундан ташқари, кейинчалик Россияда саноат корхоналари эҳтиёжлари учун етказиб бериш билан Ўзбекистон ҳудудида ишлаб чиқаришни ривожлантиришни йўлга қўйиш мақсадида замонавий электрон компонентлар (микросхемалар ва бошқалар)нинг янги ишланмалари ва технологияларини тақдим этиш таклифи билдирилди.

Таклифлар орасида шунингдек — муқобил энергетика соҳасида телекоммуникация ускуналари, маиший ва саноат роботлари ҳамда электротехника маҳсулотларини яратишни йўлга қўйиш бўйича янги ишлаб чиқаришларни ташкил этиш ҳам бор эди.

Эслатиб ўтамиз, «Фотон» инвестицион жозибадорликни ошириш бўйича мақсадли дастурлар орқали оммавий савдога қўйилган 62 та давлат активи рўйхатига киритилганди.