«Гендер асосидаги зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракатлар» кампанияси доирасида зўравонлик қурбонлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга ўз вақтида ёрдам бериш мақсадида «Najot» мобил иловаси ишга туширилди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар бермоқда.

Унинг бош саҳифасида фавқулодда вазият учун мўлжалланган «Ёрдам тугмаси» мавжуд. Агар фойдаланувчи зўравонлик қурбонига айланса, ушбу тугмани босиб, 3 сониядан кўпроқ ушлаб туриш керак. «Najot» иловаси қурбоннинг оиласига ёрдам сўраб хабар жўнатади ва унинг манзилига ҳавола юборади.

Бунинг учун фойдаланувчи 5 нафар яқин инсонлари контактларини ва ёрдам ҳақидаги хабарни иловага қўшиши лозим. Уларни эса илова тўғрисида олдиндан огоҳлантириш талаб этилади. Қолаверса, фойдаланувчи «Энг яқин ёрдам марказига хабар бериш» параметрини танлаши ҳам мумкин. Шунда хавф туғилганда хабар энг яқин реабилитация марказига юборилади.

Иловада «Ёрдам марказлари» бўлими ҳам мавжуд. Унда оилавий муаммолар, зўравонлик ва фавқулодда вазиятларда ёрдам учун мурожаат қилиш мумкин бўлган жойлар ҳақида маълумот олиш мумкин. Ушбу марказларда, лозим бўлса, психолог, шифокор ёки ҳуқуқшунос маслаҳатларини олиш ва ҳимояланган турар жой бўйича ёрдам кўрсатилади.

Иловада ҳар бир ҳудуддаги зўравонлик қурбонларини реабилитация қилиш марказлари рўйхати ҳамда марказларнинг манзили харитада келтирилган. Керакли ҳудудни танлаб, ушбу марказларнинг манзили ва контактлари тўғрисида маълумот олиш мумкин.

«Билиш муҳим» бўлимида аёллар саломатлиги, аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари, оилавий муносабатлар, ҳуқуқий масалалар ва бошқа масалаларга оид энг кўп тарқалган саволларга жавоблар мавжуд. Шунингдек, ҳимоя ордерини олиш бўйича кўрсатмалар мавжуд. Бундан ташқари, фойдаланувчи зўравонлик турини аниқлаш ёки зўравонлик нима эканлигини тушуниш учун тестлардан ўтиши мумкин.

Ушбу бўлимда фойдаланувчи тестдан ўтиши ва ўзига нисбатан зўравонлик борлигини аниқлаши ва қандай ёрдамга муҳтожлигини тушуниши мумкин. Масалан, агар жавобларда «кўпинча» ва «доимий» жавоблар устунлик қилса, демак, фойдаланувчи оиласида зўравонлик муаммоси долзарбдир

Қаерда ва қандай бўлишидан қатъи назар, фойдаланувчи ёрдам олгунча: у тақдим этган барча маълумотлар сир сақланади. Ушбу мобил илова ўзбек ва рус тилларида мавжуд. Яқин орада «Нажот» мобил иловасини PlayStore-да юклаб олиш мумкин.