Энергетика вазири Алишер Султонов Альтер Эго лойиҳасида берган интервьюсида Ўзбекистонда атом электр станцияси (АЭС) қурилиши ҳақида гапирди. Вазир атом энергиясининг тоза эканлиги — атмосферага зарар етмаслиги ҳамда чиқиндилар ажралмаслигига эътибор қаратди. Таъкидлашича, у Чернобиль ва Фукусима атом станцияларидаги аварияларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган ҳамда «эритмани ушлаб турувчи» қурилмаси мавжуд ягона реактор ҳисобланади.

«Ундан фойдаланмаслик гуноҳ. Тажриба бор — ҳам ижобий, ҳам салбий. Шунга қарамасдан, Ўзбекистонда АЭС қуриш учун танланган реактор бугунги кунда энг хавфсиз ҳисобланади», — деди вазир.

Бундан ташқари, у атом станцияси хавфсизлиги ҳақида гапирар экан, тизим бир неча босқичдан иборатлиги ҳамда Boeing самолётининг тўғридан-тўғри зарбасига дош беришини қайд этди. Шу қаторда, у Ўзбекистон ядро ёқилғиси соҳасида катта ресурсларга ва ядро фани борасида бой тарихга [50 йиллик] эга эканига урғу берди.

Шунингдек, айни пайтда катта тушунтириш ишлари олиб борилаётгани, чунки жамоатчилик фикри МАГАТЭ (Халқаро атом энергияси агентлиги)нинг асосий талабларидан бири эканлигини таъкидлаб ўтди. Вазир АЭС нафақат энергия манбаи, балки жуда кўп иш ўринлари яратиладиган, шунингдек, нафақат илм-фан, балки миллий иқтисодиётнинг кўплаб тармоқларини ривожлантирадиган «катта қурилиш» эканлигини айтган. «Нега биз қаердадир орқада туришимиз керак?» — дея савол берли вазир.

Ўзбекистон атом электр станциясини қуриш учун олмоқчи бўлган кредитга келсак, Алишер Султоновнинг фикрича, мамлакатнинг ташқи қарзлари ҳақидаги гаплар бўрттирилган.

«Бутун дунё бировнинг пули тамойилида яшайди, бу нарса ҳамма жойда бор, давлат қарзи триллионлаб долларга баҳоланган АҚШни олайлик. Ҳар қандай йирик лойиҳадан аввал ҳисоб-китоб қилинади. Ҳар гал кредит олганимизда уни кимга ва қандай қайтариш кераклигини жуда яхши тушунамиз. Бировга қарамлик ҳақида гапнинг бунга нима алоқаси бор? Объект объект учун қурилмаяпти, биз АЭСни шунчаки қуришни хоҳлаганимиз учун қурмаймиз. У фойда олиб келади. Буларнинг ҳаммасининг ҳисоби олинган. Ушбу лойиҳадан пулларни қайтара олишингизга кўзи етмаса, ҳеч ким сизга кредит бермайди», — деди вазир.