Бўстонлиқ ва Зоминда қуриладиган янги дор йўллари қурилишини Австриянинг Doppelmayr компанияси амалга ошириши кутилмоқда, дея хабар берди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати. Бу бўйича дастлабки ишлар аллақачон бошланган.

Doppelmayr техниклари янги телефериклар қуриш учун майдонни ўрганиш мақсадида Бўстонлиқ ва Зомин туманларига ташриф буюришди.

«Зоминда иккита гондол-кресло типидаги дор йўли ҳамда тоғ-чанғи трассаларига хизмат кўрсатиш учун учта кўтарувчи мослама қурилади. «Амирсой»да ҳам қўшимча равишда гондол турдаги дор йўли ҳамда тоғ-чанғи трассаларига хизмат кўрсатувчи бир неча кўтарувчи мослама қуриш режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, яна иккита манзарали дор йўлини қуриш кўзда тутилган», ― деди Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов.

Doppelmayr техниклари топографик тадқиқотлар, муҳандислик тадқиқотлари ва геологик ишларни бошладилар, шу асосда телефериклар ва стул кўтаргичларининг йўналишлари аниқланди.