Ижтимоий тармоқларда Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманидаги «Эски жува» деҳқон бозори олдида Миллий гвардия ходимлари бир фуқаронинг қўлини қайириб, олиб кетаётгани акс этган видеотасвир тарқалди. Миллий гвардия Тошкент шаҳар бошқармаси мазкур ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Қайд этилишича, воқеа 22 ноябрь куни пиротехника олди-cотдиси билан боғлиқ низо сабабли юзага келган. Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларига фуқаро мурожаат қилиб, ушбу бозор ҳудудида пиротехника воситаси сотиб олиш учун сотувчига 260 минг сўм пул бергани, лекин сотувчи келишилган маҳсулотларни бермасдан, қочиб кетгани ҳақида шикоят қилган.

«Ушбу ҳолатни кузатиб турган бир гуруҳ шахслар мурожаат этган фуқарога нисбатан шу жойнинг ўзида ҳакоратли сўзлар ишлатиб, ўзларининг бу каби хатти-ҳаракатлари билан пиротехника воситаси сотувчиси тарафдорлари эканини аён қилишган», — дейилади бошқарма хабарида.

Таъкидланишича, ҳарбий хизматчилар биринчи бўлиб қўл кўтарган фуқарога нисбатан куч ишлатишга мажбур бўлишган ва ўрнатилган тартибда ИИО таянч пунктига олиб боришган.

Ўтказилган суриштирув натижасида ушбу фуқаро Тошкент шаҳар Олмазор туманида яшовчи У. Ибрагимов экани аниқланган. Ҳозирда ҳолат юзасидан суриштирув ишлари давом этмоқда.