Ўзбекистон август ойида 2,5 млрд АҚШ долларидан зиёд суммага олтин экспорт қилди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси 8 ой давомида олиб борилган ташқи савдо статистикасида хабар берди.

Ўзбекистон январь-август даври давомида 5,8 млрд долларга тенг бўлган миқдорда олтин экспорт қилди. Маълумотларга кўра, бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 147,2% ни ташкил этиб, 1,8 млрд долларга кўп. Олтин экспорти жами экспорт улушининг 50% ни ташкил этоқда.

Ўзбекистон жаҳоннинг 160 дан ортиқ мамлакатлари билан савдо алоқаларини амалга ошириб келмоқда. Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, ўтган саккиз ой мобайнида республиканинг ташқи савдо айланмаси 24,5 млрд долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,5 млрд долларга камайган.

Август ойида олтинсиз экспорт хажми 800 млн АҚШ долларидан бироз ошган. Импорт эса икки баробардан кўпроқ — 1,7 млрд долларни ташкил этган.

8 ой давомида ташқи савдо айланмасида экспорт 11,6 млрд AҚШ доллари, импорт ҳамжи 12,9 млрд AҚШ долларига тенг бўлиб, ташқи савдо айланмаси салдоси -1,3 млрд долларни ташкил этган.

Business Insider август ойи маълумотларига кўра, Ўзбекистон 342.8 тонна миқдордаги олтин заҳираларига эга ва ушбу кўрсаткич бўйича жаҳонда 15-ўринда турибди. Жаҳон олтин кенгаши (WGC) га кўра, ўтган йилнинг мос давирига кўра ушбу кўрсаткич 350.22 тоннага тенг бўлган. 2019 йил якунига кўра эса олтин заҳираси миқдори 335.9 тоннани ташкил этган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон июль ойида 11,6 тонна олтин экспорт қилиб, дунё мамлакатлари орасида олтин сотиш бўйича мутлақ етакчига айланган эди.