21 ноябрь куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Туркистонга ташриф буюриб, Қозоғистон бош вазири Асқар Мамин билан музокаралар ўтказди. Делегация таркибида Вазирлар Маҳкамаси аъзолари ва бошқа расмийлар ҳам ўрин олди.

Қозоғистон ҳукумати матбуот хизматининг хабар қилганидек, бош вазирлар савдо-иқтисодий, инвестиция, қишлоқ хўжалиги, сув-энергетика, транспорт ва логистика, божхона соҳасидаги ҳамкорлик, шунингдек, саноат кооперацияси ва минтақалараро ўзаро алоқаларнинг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар.

2020−2022 йилларда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар режасини амалга оширишга, минтақавий товарларни тарқатиш тизимини, чегарада Халқаро савдо-иқтисодий ҳамкорлик марказини яратиш, чегара божхона постларини модернизация қилиш ва бошқаларга алоҳида эътибор қаратилади.

2019 йил якунлари бўйича икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 21,2 фоизга ўсиб, 4,5 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Томонлар савдони 10 миллиард долларга етказиш режалаштирмоқда.

Ҳукумат раҳбарлари Туркистонда «Turkistan Textile» тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича ўзбек-қозоқ қўшма корхонасининг очилиш маросимида қатнашдилар. Тикувчилик фабрикаси Туркистон саноат зонасида 2 гектар майдонда жойлашган. Инвестициялар ҳажми 700 миллион тенгени ташкил этди. Корхонада аёллар учун, шу жумладан, алоҳида эҳтиёжли аёллар учун 1000 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилади.

Асқар Мамин Абдулла Ариповни Туркистоннинг янги ижтимоий, спорт, транспорт ва сайёҳлик инфратузилмалари — халқаро аэропорт, конгресслар зали, «Ұлы Дала Елі» маркази, «Туркистон Арена» стадиони, Ўқувчилар саройи, Rixos Turkestan меҳмонхонаси, шунингдек, кўп функционал «Карвонсарой» туристик мажмуаси ва 5000 ўринли масжид қурилиши билан таништирди.

Шунингдек, бош вазирлар Аҳмад Яссавий мақбарасини, «Азрет-Султон» маданий-тарихий музейини зиёрат қилиб, Абай ҳайкали пойига гул қўйдилар.