Беларусда биринчи атом электр станцияси (БелАЭС) фаолияти авария туфайли вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда Интерфакс хабар бермоқда.

«Ҳозирда БелАЭС да электр энергияси ишлаб чиқарилмаяпти. Кеча Энергетика вазирлиги маълум ускуналарни алмаштириш зарурлиги тўғрисида хабар берди», — деди ахборот маркази вакили.

Ҳозирда ускуналар созланаётганлиги ва ишга тушириш ишлари давом этаётганлиги сабабли электр станция фаолиятининг тикланиш муддати номаълум бўлмоқда. Беларусь Энергетика вазирлиги БелАЭС да «индивидуал электр ўлчаш ускуналарини» алмаштириш зарурлигини аниқлаганини эълон қилди, аммо бунинг сабаблари кўрсатилмаган.

TUT.BY маълумотларига кўра, БелАЭС нинг тўхтатилиши генератор билан боғлиқ бўлган блоклардан бирида босим трансформаторларининг ишламай қолиши сабаб бўлди.

Ушбу ҳодиса радиация тарқалиши нуқтаи назаридан ҳеч қандай хавф туғдирмаслиги таъкидланмоқда.

7 ноябрь куни Беларусь атом электр станциясининг 400 МВт қувватга эга бўлган биринчи блоки ишга тушурилди. Маросимда Aлександр Лукашенко иштирок этди.

Маълумот учун, ушбу АЭСни Россиянинг «Росатом» компаниси қурган.