9 ой давомида Ўзбекистонда зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказлари томонидан жисмоний зўравонликка учраган 168 нафар эркаклар мурожаати қабул қилинган. Бу ҳақда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ахборот хизмат раҳбари Саодат Боймирзаева маълум қилди.

«Мамлакатимизда оғир ижтимоий аҳволда қолган, жумладан оилавий муаммолар ва турмушида зўрлик ишлатилишига дуч келган шахсларга аноним тарзда шошилинч тиббий, руҳий, ижтимоий, педагогик, ҳуқуқий ва бошқа ёрдам кўрсатиш мақсадида Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказлари иш олиб боради, уларнинг сони ҳозирда юртимизда 197 та»,− деди у.

2020 йилнинг январь-сентябрь ойлари давомида ушбу марказларга фуқаролардан 14 849 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 5 796 тасига психологик, 3 680 тасига юридик, 503 тасига тиббий ва 1 553 тасига бошқа турдаги ёрдамлар кўрсатилган.

Мурожаат қилганларнинг 2 577 нафари билан марказ психологлари иш олиб борган, тиббий ёрдамга муҳтож 497 нафар шахсга биринчи ёрдам кўрсатилиб, тиббиёт муассасаларига юборилган. 442 нафар фуқаро марказлардаги ётоқхоналарга жойлаштирилган ва уларга зарур ёрдамлар кўрсатилган.

Ўзаро таҳлиллар давомида мурожаатчиларнинг 9 870 нафари ёки 67% га яқини фақатгина юридик ва психологик маслаҳат олиш учун мурожаат қилгани ва уларнинг мурожаатларида зўравонликка учраш аломатлари йўқлиги аниқланган.

Мазкур мазмундаги мурожаат эгаларига 2000 та ҳуқуқий ёрдам, хусусан, 1 539 тасига ҳуқуқшунослар томонидан маслаҳатлар берилди. 217 нафар фуқарога турли мазмундаги ҳуқуқий ҳужжатларни расмийлаштиришда, 189 нафар фуқаронинг Ҳимоя ордери олишида ёрдам берилди. 55 нафарига суд ва бошқа идораларда ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда вакиллик қилинди.

Матбуот котибининг маълум қилишича, ушбу турдаги марказларга эркаклар ва ҳатто болаларнинг мурожаат қилиши ҳолатлари кузатилмоқда. Шу йилнинг ўтган даври мобайнида жисмоний зўравонликка учраган 18 нафар бола ва 168 нафар эркаклар мурожаати қабул қилинган.

Эслатиб ўтамиз, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда БМТ ТДнинг қўшма лойихаси доирасида Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш марказлари учун статистик маълумотларни йиғиш ва таҳлил қилиш бўйча электрон журнал ишлаб чиқилган эди. Бундай маълумотларни йиғиш Ўзбекистонда биринчи марта амалга оширилмоқда.