Молия ва солиқ соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишнинг замонавий тизимини яратиш мақсадида Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Малака ошириш маркази негизида Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида Фискал институт ташкил этилиши кутилмоқда. Институтда ўқув жараёни 2021/2022 ўқув йилидан бошланади.

Давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, кундузги бакалавриат таълим йўналишларига мос бўлган йўналишлар доирасида табақалаштирилган тўлов-контракт асосида сиртқи таълим шаклида ўқитиш ташкил этилади. Бунда талабаликка тавсия этилган абитуриентларнинг ўқиши учун тўлов абитуриент билан келишилган шартномасига мувофиқ белгиланган шаклда амалга оширилади

Институтда кадрлар тайёрлаш тизимини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари сифатида малакали кадрлар тайёрлашни бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисоботнинг замонавий усуллари, халқаро солиққа тортиш, трансферт нархларни белгилаш, таваккалчиликларни таҳлил қилиш, бизнес-таҳлил технологиялари (Business Intellegence) ва солиқ маъмуриятчилигида илғор ахборот технологияларини (Big Data) қўллаш асосида ташкил этиш белгилаб қўйилган.

Бундан ташқари, ўқув жараёнида ўқитишнинг замонавий шакл ва методлари, шу жумладан, педагогик ва ахборот технологияларини, масофавий таълимни, ўқитиш ва тренингларни интерфаол ҳамда муаммоли-вазиятли услубларини кенг жорий этиш, талаба, тингловчи ва педагог кадрларнинг глобал ахборот-ҳуқуқий ҳамда таълим ресурсларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш кўзда тутилган.

Шунингдек, Россия Ҳукумати ҳузуридаги Молия университетининг Институт тузилмасидаги бўлинмаси (факультети) моддий-техник таъминоти жорий йилда Давлат солиқ қўмитасининг Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, солиқ органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси маблағлари ҳисобидан, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб тўлов-контракт асосида тушган маблағлар ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.