Халқ депутатлари Денов тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Пардаев Рустам Убодуллаевич Денов тумани ҳокими этиб тасдиқланди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

Рустам Пардаев 1979 йилда Қизириқ туманида туғилган. 2006 йил Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган. Маълумоти бўйича мутахассислиги иқтисодчи. Меҳнат фаолиятини 1999 йил акциядорлик тижорат «Савдогарбанк» Сурхондарё вилояти бўлимида ҳисобчиликдан бошлаган. Шундан сўнг Тошкент шаҳридаги «A.NODIR» масъулияти чекланган жамиятида ҳисобчи, акциядорлик тижорат «Тадбиркорбанк» ва «Микрокредитбанк» акциядорлик тижорат банкида турли вазифаларда ишлаган.

2007−2017 йилларда «Микрокредитбанк» акциядорлик тижорат банки Жарқўрғон филиали бошқарувчиси ва вилоят филиали бошлиғи лавозимларида фаолият юритган. 2017 йилдан Сурхондарё вилоят иқтисодиёт ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчи, Сурхондарё вилояти инвестициялар бош бошқармаси бошлиғи, вилоят инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи, вилоят ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимларида хизмат қилган.

Айни пайтда Рустам Пардаев вилоят ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари — вилоят иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритаётган эди.

Туманнинг аввалги ҳокими Бахтиёр Ибатов 2018 йилнинг ноябридан буён туманга раҳбарлик қилиб келаётган эди.