Иккинчи бор ўтказилган Samarkand Half Marathon’да жами 43 нафар (31 нафари эркаклар, 12 нафари қизлар) профессионал спортчилар иштирок этишди. Югуриш трассаси «Регистон» майдонидан бошланиб, Самарқанднинг Бибихоним, Афросиёб, Ҳазрати Ҳизр, Хўжа Дониёр мақбараси, Улуғбек ва «Шоҳизинда» расадхоналари каби тарихий обидаларидан ўтади. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар берди.

Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz»

Эркаклар ўртасида ўтган баҳсда Тошкент вилоятидан Андрей Петров энг яхши натижани қайд этиб, ғолиб бўлди.

Александр Петров. Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz»

Аёллар орасида сурхондарёлик Ситора Ҳамидова биринчиликни қўлга киритиши билан бирга, аввалроқ ўзи ўрнатган полумарафон бўйича Ўзбекистон рекордини янгилади. У 21 км масофани 1 соат 11 дақиқа 58 сонияда босиб ўтди. У бунга қадар 1 соат-у 13 дақиқалик кўрсаткични қайд этганди.

Ситора Ҳамидова. Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz»

Эркаклар ўртасида ғолиблар:

1 — ўрин: Андрей Петров (соврин 12 млн сўм)

2 — ўрин: Шохрух Давлатов (10 млн сўм)

3 — ўрин: Отабек Ташқувватов (8 млн сўм)

4 — ўрин: Владислав Мамедов (6 млн сўм)

5 — ўрин: Евгений Фадеев (5 млн сўм)


Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz»

Аёллар ўртасида ғолиблар:

1 — ўрин: Ситора Ҳамидова (соврин 12 млн сўм)

2 — ўрин: Марина Хмеловская (10 млн сўм)

3 — ўрин: Екатерина Тунгоскова (8 млн сўм)

4 — ўрин: Ситора Қурбонова (6 млн сўм)

5 — ўрин: Вероника Гришина (5 млн сўм)


Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz»

Samarkand Half Marathon ташкилотчилари — Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси — пандемия сабабли марафонни икки шаклда — Самарқандда профессионаллар ўртасида ҳамда барча хоҳловчилар орасида виртуал югуриш мусобақасини ўтказишни мақсад қилишган.

Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов онлайн марафонда 35 давлатдан профессионал ва ҳаваскор спортчилар қатнашишини маълум қилди.


Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz»

Қолаверса, виртуал пойга формати иштирокчиларга жой ва масофани танлаш эркинлигини беради ва натижалар Strava иловасида қайд этилган маълумотларга мувофиқ қабул қилинади. Яриммарафон дастурига «Скандинавча юриш» бўйича мусобақалар қўшилди ва 12 ёшгача бўлган болалар эса алоҳида болалар югуриш мусобақасида қатнашадилар.


Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz»

Югуриш мусобақаси 1 дан 16 ноябргача давом этади. Мусобақа натижаларига кўра, энг яхши югурадиган шаҳар ва энг яхши югурадиган клуб аниқланади. Иштирокчилари энг кўп километр масофани босиб ўтадиган Ўзбекистон ҳудуди «Ўзбекистоннинг югурувчи пойтахти» кубогини қўлга киритади. Энг яхши югурувчи клуб ҳам тақдирланади.

Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz»

Бу йилги хайрия марафони — аутизм спектри бузилиши (АСБ)га чалинган шахсларнинг имкониятлари ва ногиронлиги бўлганлар учун маданий ва санъат масканларидан фойдаланиш имкониятларига бағишланган. Samarkand Half Marathon’дан тушган маблағ аутизмга чалинган болалар учун Ўзбекистондаги мактаб-интернатларнинг бирида болалар ижодиёти студиясини яратиш учун сарфланади.