Ўзбекистон президентининг «Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисидаги» фармонига биноан, мамлакатда етакчи инвестиция компаниялари билан ҳамкорликда 2021 йилда 2 та, 2025 йилда 10 та венчур жамғармалари ташкил қилинади.

Фармонга кўра, 2025 йилга қадар илм-фанга йўналтириладиган жами маблағларнинг ялпи ички маҳсулотга нисбатан улушини 6 бараварга, 2030 йилгача эса 10 бараварга ошириш кўзда тутилган.

2021 йилда «Яшнобод» инновацион технопарки резидентлари сонининг 60 тага етказилиши, шу асосда инновацион маҳсулотлар тури ва ҳажмини ошириш, шунингдек, 720 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилиши кутилмоқда. 7 та замонавий лаборатория мажмуаси ташкил этилади. Улар GLP ва GMP жаҳон стандартларига мос ускуналар билан жиҳозланади.

Бундан ташқари, мазкур фармонда илмий ташкилотларнинг илмий-инновацион фаолияти самарадорлигини баҳолашга йўналтирилган миллий рейтинг тизими жорий этилади.

Илмий ташкилотлар тадқиқотчиларининг ўртача ёши 2025 йилга қадар 45 га, 2030 йилгача эса 39 га етказилиши ҳамда 2025 йилга қадар 39 ёшгача бўлган тадқиқотчиларнинг умумий сонида юқори малакали илмий ходимларнинг (фан номзоди, фалсафа ва фан докторлари) улушини 2 бараварга, 2030 йилгача эса 3 бараварга ошириш кўзда тутилган.

Илмий ташкилотлар раҳбарлари лавозимига устувор равишда илм-фан тизимини бошқариш кўникмасига ва иқтисодий билимга эга бўлган ёш мутахассислар тайинланади.