1 октябрдан бошлаб тўйхоналарда тўй ва бошқа маросимларни ўтказишга рухсат берилган. Бу ҳақда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ботир Қурбонов 28 октябрь куни брифингда маълум қилди.

Маълум бўлишича, Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 30 сентябрдаги йиғилиш баёнига асосан карантин чораларини юмшатиш муносабати билан 2020 йил 1 октябрдан тўйхоналар фаолиятига рухсат этилган.

Бунда, тўйхоналар оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни ўтказиш 30 кишидан кўп бўлмаган (фақат яқин қариндошлар ва ушбу туман ҳудудида истиқомат қилувчи бошқа қариндошлар) ҳамда санитария ва гигиена талабларига қатъий риоя этган ҳолда ўтказилиши белгиланган.

«Коронавирус инфекциясининг кириб келиши ва тарқалиб кетишининг олдини олиш бўйича Республика Махсус комиссиясининг 2020 йил 30 сентябрдаги йиғилиш баёнига асосан карантин чораларини юмшатиш муносабати билан 1 октябрдан тўйхоналар фаолиятига рухсат этилган», — деди Ботир Қурбонов. Унинг таъкидлашича, бунда «барча имкониятларни ишга солган ҳолда 100−200 кишига эмас, чегараланган ҳолда 30 кишига уй шароитида қилинган тўйни тўйхоналарда ўтказишга рухсат берилган».

«Унда яқин қариндошлари, узоқ туманлар ёки бошқа ҳудудлардан меҳмон чақирилмаган ҳолда яқин қариндошлари иштирокида тўйхоналарда туғилган кун, тўй, маърака ва бошқа маросимларни ўтказишга рухсат берилди. Униям узоқ ярим тунгача эмас, коронавирус инфекциясининг аҳоли ўртасида тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида чегараланган вақтда рухсат этилди», — деди у, бироқ «чегараланган вақт» айнан қайси вақт оралиғини қамраб олишига аниқлик киритмади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус пандемияси сабабли 23 мартдан 1 июнгача, шунингдек, 10 июлдан 15 августгача тўй ва бошқа оилавий маросимларни ўтказиш тақиқланган эди. 15 августдан бошлаб оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни фуқароларнинг уй-жойи ва ҳовлисининг ўзида 30 кишидан кўп бўлмаган (фақат яқин қариндошлар ва ушбу туман ҳудудида истиқомат қилувчи бошқа қариндошлар) ҳамда санитария ва гигиена талабларига қатъий риоя этган ҳолда ўтказишга рухсат берилган.