Тошкент тиббиёт академияси ҳузуридаги ҳарбий-тиббиёт факультети негизида Мудофаа вазирлигининг юридик шахс мақомига эга бўлган Қуролли Кучлар Ҳарбий тиббиёт академияси ташкил этилади. Бу президент Шавкат Мирзиёевнинг 22 октябрдаги «Ҳарбий тиббиёт соҳасида кадрларни тайёрлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» ги фармонида кўзда тутилган.

Ҳужжатда соғлиқни сақлаш тизимида ҳарбий тиббиёт бўйича юқори малакали мутахассисларни тайёрлашга тўсқинлик қиладиган бир қатор муаммолар мавжудлиги қайд этилган. Хусусан, доимий касбий тайёргарлик жорий этилмаганлиги, ўқув жараёнида инновацион ишланмалар ва технологиялардан фойдаланиш даражаси паст эканлиги таъкидланган.

Академиянинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланган:

  • Ўзбекистон Қуролли Кучлари таркибига кирувчи вазирликлар ва идоралар учун ҳарбий тиббиёт соҳасида замонавий талабларга жавоб берадиган кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;
  • тиббиёт соҳасида тор мутахассисларни, илмий-педагогик кадрларни ҳамда захира ва резервдаги тиббиёт хизмати офицерларини тайёрлаш;
  • таълим жараёнига халқаро таълим стандартларига асосланган илғор педагогик ва инновацион тиббиёт технологиялари, замонавий ўқув дастурлари ва ўқув-услубий ёндашувларни кенг жорий этиш;
  • ҳарбий тиббиёт амалиётида мавжуд муаммоларнинг ечимига қаратилган фундаментал, амалий ва инновацион илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш;
  • миллий ва хорижий етакчи олий, олий ҳарбий таълим ҳамда илмий-тадқиқот муассасалари билан ўзаро ҳамкорликда таълим жараёнини ривожлантириш, соғлиқни сақлаш соҳасида илмий тадқиқотларни ўтказиш;
  • таълим олувчиларни инсонпарварлик ва юксак маънавий ғоялар асосида, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш.

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб академияга номзодлар Мудофаа вазирлиги томонидан мамлакат умумий тиббиёт факультетининг бешинчи ва профилактика тиббиёт факультетининг тўртинчи йилини тамомлаган, ўқиш натижалари бўйича энг юқори натижаларни кўрсатган ва ўқишни давом эттиришни истаган талабалар орасидан танланади. Ҳарбий тиббиёт академияси ва келажакда шартнома асосида ҳарбий хизматни ўтайди.

Академияда курсантлар учун мажбурий икки йиллик ўқитиш икки босқичли ўқув дастури асосида амалга оширилади: биринчи йил — бакалавр даражасида, иккинчиси — Ўзбекистон Қуролли Кучлари учун зарур бўлган мутахассисликлар бўйича ҳарбий амалиёт. Бакалавр даражаси тугагандан сўнг курсантларга «тиббий хизмат лейтенанти», ҳарбий амалиёт ўтаганидан кейин «тиббий хизмат катта лейтенанти» ҳарбий унвони берилади.

Академиянинг ҳарбий тиббиёт ўқув дастури асосида таълим олган битирувчиларнинг Ўзбекистон Республикаси олий тиббий таълим муассасалари даволаш ва тиббий-профилактика факультетларидаги ўқиши Академиядаги ўқишга тенглаштирилади ҳамда тиббиёт соҳасидаги тор мутахассисликлар бўйича тиббиёт кадрлари Академиянинг клиник ординатура ва магистратурасида, илмий-педагогик кадрлар эса унинг докторантурасида тайёрланади.