Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан 2019/2020 ўқув йилида умумтаълим муассасалари рейтингини аниқлаш доирасида назорат ишлари ва сўровномалар ўтказилди. Унинг натижалари инспекция сайтида маълум қилинди.

Сўровномаларни ўтказишда халқаро тажрибалардан фойдаланилган бўлиб, ўрганишлар давомида Ўзбекистон туман ва шаҳарларидаги мактабларда таълим сифати таҳлил қилинди. Асосий мезон сифатида қуйидаги 4 та кўрсаткич эътиборга олинган:

  • битирувчи ўқувчиларнинг (11-синф) умумтаълим фанлари бўйича таълим тайёргарлик даражаси ва сифат кўрсаткичи (35 балл);
  • 9-синф ўқувчиларининг билим даражаси (25 балл);
  • олий ва биринчи тоифали ўқитувчилар улуши (20 балл);
  • умумтаълим муассасасининг ўқувчилари ва педагог жамоаси ўртасида ўтказиладиган сўровнома натижалари (20 балл).

Жорий қилинаётган рейтинг индикаторларида жами натижанинг 60 фоизи ўқувчилар билим даражасини акс эттиради.

Юқоридаги индикаторлар асосида республиканинг 992 та (жамига нисбатан 10%) умумий ўрта таълим муассасалари (мактаблар) фаолияти таҳлил қилинди. 1 июль ҳолатига кўра тайёрланган рейтинг натижалари бўйича энг юқори ўринларни Бухоро, Наманган ва Хоразм вилоятлари эгаллади. Энг қуйи ўринлардан Сирдарё, Тошкент вилояти ва Сурхондарё вилоятлари жой олди.

Умумий рейтинг бўйича энг юқори 20 таликдан Андижондан 6 та, Фарғонадан 4 та, Хоразмдан 2 та, Қорақалпоғистондан 2 та, Намангандан 2 та, Бухородан 1 та, Самарқанддан 1 та, Қашқадарёдан 1 та, Сурхондарёдан 1 та мактаб жой.

Энг охирги 20 таликка Қашқадарёдан 5 та, Сурхондарёдан 4 та, Самарқанддан 3 та, Тошкент вилоятидан 2 та, Сирдарёдан 2 та, Тошкент шаҳридан 1 та, Андижондан 1 та, Қорақалпоғистондан 1 та, Бухородан 1 та мактаб кирган.

Маълумот учун, аввалроқ Ўзбекистон 2022 йилда Халқаро ўқувчиларни баҳолаш дастурида (Program for International Student Assessment, PISA) иштирок этади дея хабар берган эдик.