2022 йилда Ўзбекистон Халқаро ўқувчиларни баҳолаш дастурида (Program for International Student Assessment, PISA) иштирок этади. Ўзбекистонни ушбу халқаро дастурга тайёргарлик кўришига Россия таълим академиясининг Таълимни ривожлантириш стратегиялари институти Таълим сифатини баҳолаш маркази кўмаклашмоқда.

24−25 август кунлари Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан Жаҳон банкининг READ дастури доирасида Халқ таълими вазирлиги ва Россия Таълим стратегияларини ривожлантириш институти билан ҳамкорликда «Халқаро тадқиқотларда иштирок этиш — инсон капиталини ривожлантириш омили» мавзусида Россия таълим академияси Таълимни ривожлантириш стратегиялари институти Россия таълим сифатини баҳолаш маркази раҳбари Галина Ковалева иштирокида халқаро онлайн вебинар ўтказилганди.

Маълумот учун, Галина Ковалева 1993 йилдан буён Таълим соҳасидаги ютуқларни баҳолаш халқаро ассоциацияси (IEA)да, 2013 йилдан бошлаб PISA халқаро тадқиқотлари бошқарув кенгашида Россиянинг вакили ҳисобланади. 1989 йилдан 2018 йилгача миллий координатор сифатида Россияда умумий таълим сифати бўйича — IAEP, TIMSS, CIVIC, PIRLS, PISA халқаро қиёсий тадқиқотларни ташкил этиш ва ўтказишда иштирок этган. 1994 йилдан ҳозирги пайтгача TIMSS халқаро тадқиқот дастури доирасида табиий фанлар бўйича таълим ютуқларини баҳолаш воситаларини ишлаб чиқадиган халқаро экспертлар гуруҳи ишида қатнашмоқда. Амалга оширилган ишлар рус ва хорижий нашрларда (200 дан ортиқ ишлари) эълон қилинган.

«Газета.uz» мутахассиснинг Таълим инспекциясига берган интервьюсидан муҳим парчаларини эътиборингизга ҳавола этади.

Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларга тайёргарлик кўриш бўйича Ўзбекистон билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ишлар ҳақида нималар дея оласиз?

— Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ушбу масалада айнан бизнинг институтга ҳамкорлик ва ёрдам борасида мурожаат қилиб, ташаббус билан чиққанлиги учун миннатдорчилик билдирамиз. Россия халқаро тадқиқотларда 1988 йилдан (30 йил) буён, PISA халқаро тадқиқот дастурларида эса тадқиқотнинг илк даври — 2000 йилдан буён иштирок этиб келмоқда. Мен 2000−2020 йилларда Россиянинг PISA халқаро тадқиқотлари бўйича миллий координатори бўлганман.

Шунингдек, ҳамкорлигимиз дастлабки кунларданоқ жуда яхши ва самарали ташкил этилганини эътироф этмоқчиман. Биз READ (Россия Молия вазирлиги ва Жаҳон банки ўртасидаги Россия таълимини ривожлантириш ва кўмаклашиш дастури) доирасидаги илк семинарда иштирок этиш учун Москвага келган делегацияни яхши эслаймиз. (2019 йил февраль).

Мазкур лойиҳа доирасида ўзбекистонлик ҳамкасбларимизга биринчи тайёргарлик учун Москвада илк семинарлар ташкил этилган эди. Ушбу семинар учун барча вилоятлардан мутахассислар танлаб олингани, улар билан тайёргарлик ишлари, суҳбатлар олиб борилгани ва жуда катта қизиқишга эга бўлган мутахассислар ташриф буюргани бизни қойил қолдирган ва хурсанд қилган. Олдига аниқ мақсад қўйилган мутахассислар билан ишлаш биз учун ҳам яхши мактаб бўлган эди. Зеро, мамлакат халқаро тадқиқотларда иштирок этишни ўз олдига аниқ мақсад қилиб қўйган.

Президент ва ҳукумат томонидан таълим тизими олдида аниқ вазифалар қўйилгани, бу шунчаки таълим ҳолатини назорат қилиш эмас, балки таълим тизимининг қандай аҳволдалиги ҳақида маълумот берадиган, таълим сифатини яхшилашга кўмаклашадиган ва уни янада рақобатбардош қиладиган йўналиш эканлиги ҳаммага тушунтирилганлигига амин бўлдик.

Бизнинг назаримизда, биргаликда ўтказаётган семинарларимиз Ўзбекистоннинг рақобатбардошлигини глобал ошириш механизми ҳисобланган халқаро тадқиқотларда иштирок этишга тайёрлаш учун жуда муҳим. Умид қиламизки, ушбу семинар доирасида муҳокамадан сўнг ўқитувчилар малакасини ошириш тизимини яратишга келишиб оламиз. Ўзбекистон таълим инспекцияси ва вазирлик томонидан ўзбекистонлик ва россиялик педагоглар, методистлар ва таълим соҳаси мутахассислари ўртасида ўзаро тажриба алмашиш учун платформа яратилди. Ушбу платформа орқали биз тажриба алмашиш ва турли мамлакатларнинг натижаларини ўрганиш, тадқиқотга қандай тайёргарлик кўришларини таҳлил қилиш ва мамлакатни халқаро тадқиқотларга тайёрлаш воситаларини биргаликда ишлаб чиқишни режалаштирмоқдамиз.

Ишончим комилки, ўзбекистонлик ҳамкасбларимнинг профессионал даражаси, қизиқиши ва мотивацияси яқин орада яхши натижа беради. Шунинг учун ҳам мен ҳамкорлигимизни юқори баҳолай оламан.

PISA ва PIRLS халқаро тадқиқотларида муваффақиятли иштирок этиш учун нима қилиш керак?

Яхши натижалар кўрсатиш учун ҳеч бўлмаганда 2 мақсадга эга бўлиш керак: биринчиси, ўқитувчилар ва улар ишлайдиган, фойдаланадиган материалларни тайёрлашдир. Зеро халқаро тадқиқотларда бежизга мактабларда таълим сифати ўқитувчиларнинг касбий даражасига боғлиқ, деб айтишмайди. Демак, ўқитувчиларни тайёрлашга маблағ ажратиш ва янги ўқув материалларини яратиш керак. Тегишли вазирликлар малака ошириш тизимига инвестиция киритиши, молиялаштириши ва услубий қўллаб-қувватлаш учун шарт-шароитлар яратиши лозим.

Халқаро тадқиқотлардаги натижаларни яхшилаш учун ўқитувчиларни мақсадли тайёрлаш ва таълим жараёнида ўқитиш методикаси ва устувор тамойилларни ўзгартириш зарур. Бунинг учун биз ўқитувчиларни тайёрлашимиз, ривожлантирувчи таълимнинг янада фаол тизимини татбиқ этишимиз ва ўқитувчиларни таълим жараёнида янада муваффақиятли фойдалана оладиган материаллар билан таъминлашимиз керак. Бу энг муҳими ва сиз ҳозир тўғри йўлдасиз, анча олдин PISA ва PIRLS тадқиқотлари топшириқлари хусусиятларини очиб берувчи материаллар билан тўпламларни чоп этдингиз. Энди эса бу вазифаларни босқичма-босқич амалга ошириб, пайдо бўлаётган муаммоларни ҳал қилиш устида ишлаш керак.

PISAда иштирок этиш Ўзбекистонга нима беради?

PISA натижалари 2023 йил охирида эълон қилинади. Менимча, бу жуда муҳим қарор. Мамлакатлар халқаро тадқиқотларда иштирок этишлари керак, чунки улар бизнинг ички ҳолатимиздан эмас, балки халқаро стандартлар нуқтаи назаридан ташқи баҳо беришади. Бу биринчиси.

Иккинчидан, илк йиллардан қандайдир жуда яхши, ижобий натижалар олиш ҳақида гапириб бўлмайди. Россия 2000 йилдан бери халқаро тадқиқотларда иштирок этиб келмоқда ва PISA бўйича бизнинг натижалар ўртача халқаро даражадан паст эди. Фақат 18 йил давомида таълимга катта сармоя киритиш орқали PISA тадқиқотидаги натижаларимиз Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) нинг ўртача кўрсаткичларига яқинлашди. Буни қандай изоҳлаш мумкин? Бу бизнинг рус мактабимиз (қайсидир маънода совет мактаби) кўпроқ фан натижаларига, яъни ёш авлодга яхши, чуқур ва узоқ муддатли билимларни беришга эътибор қаратганлиги билан изоҳланади. Ижодкорликни ривожлантиришга бунақа эҳтиёж йўқ эди, олинган билимлар барча ўқувчилар томонидан турли ҳаётий вазиятларда ишлатилишини таъминлаш учун вақт ҳам бўлмаган.

Сиз иштирок этадиган йўналиш жуда муҳим ва юқори натижалар бериши даргумон. Лекин уларни тўғри идрок этиш учун, албатта, тадқиқотга жалб этилган ҳамкасбларимиз постсовет мамлакатларида бўлаётган воқеаларни яхши таҳлил қилишлари зарур.

Худди шу мақсадда вебинар давомида Беларусь ва Қозоғистон Республикасининг натижаларини кўрсатиб ўтдим. Бу сизга илгари умумий таълим тизимига эга бўлган қўшни мамлакатлар қандай натижаларга эришилганлигини кўриш имконини беради. Агар мамлакатингизда таълим тизими қандай ташкил этилгани, бошқа мамлакатларда қандай ўзгаришлар рўй бераётгани ҳақида тушунчага эга бўлсангиз, ҳеч бўлмаганда натижалар қандай бўлиши ва энг муҳими, одамларни қандай тайёрлаш ҳақида баъзи башоратлар қилишингиз мумкин. Бу натижаларни Россия билан солиштириб бўлмаса керак. Таълим тизимини ўзгартирмасдан жуда кўп ишларни амалга оширган Беларусь ва Украина (айниқса Беларусь) Россия билан таққосланадиган натижаларга эришди. Лекин ҳали ҳам ўртача халқаро натижалари анча паст. Мен нима учун шундайлигини тушунтириб ўтдим: бизнинг таълим тизимимиз яхши ва мустаҳкам билимли муҳандис кадрлар тайёрлашга асосланган бошқа йўналишга эга эди. Бу жуда муҳим, лекин биз бошқа томонни таъминлай олмадик.

Шунинг учун маслаҳатим мақсадга босқичма-босқич эришиш, эълон қилинган ғоя ва ислоҳотларни жорий этиш. Бошқа томондан, натижаларни батафсил муҳокама қилиш учун жамоатчилик ва профессионал ҳамжамиятни тайёрлашимиз, биз бу натижалар билан нима қилишимиз ва ушбу натижаларни ривожланиш учун платформа сифатида қабул қилиш бўйича мамлакатни тайёрлаш керак.

Халқаро эксперт сифатида МДҲ давлатлари таълим тизими ва уларнинг халқаро тадқиқотлар борасидаги тажрибаси билан танишсиз. Сизнингча, ўзбекистонлик ўқувчилар PISAнинг қайси соҳаларида яхши натижалар кўрсата олади ва қайсиларида эса йўқ?

Мамлакатингиз ушбу тадқиқотларда илк маротаба иштирок этаётгани учун ҳозирча аниқ натижалар йўқ ва бир нарса дейиш қийин. Лекин бу бўйича ўз тахминларимни айтишим мумкин. Математика ва табиий фанлар бўйича натижалар ўқиш саводхонлиги бўйича кўрсаткичлардан юқори бўлади деб ўйлайман.

Гап шундаки, PISAда ўқиш саводхонлигини баҳолаш воситалари кескин ўзгарган. Бу борада Россия натижалари ҳам 2018 йилда бир оз ёмонлашганини кўрдик. Шунингдек, ўқувчиларнинг тест синовларини баҳолаш учун янги баҳолаш формати (компьютер платформаси) жорий қилинибгина қолмай, балки ўқувчиларга бутунлай бошқа матнлар таклиф этилди: кўп ўлчовли матнлар, зиддиятларни аниқлаш, нуқтаи назарни ёки манбалар сифатини аниқлаш керак бўлган матнлар. Шунинг учун бу йўналишда ўзбекистонлик мактаб ўқувчиларининг натижаларида унча катта силжиш бўлмаслиги мумкин, деб ўйлаймиз. Лекин умид қиламизки, математика ва табиий фанлардан, Қозоғистон, Озарбайжон ва Грузия каби мамлакатингиз ҳам дастлабки босқичларда яхши натижалар кўрсатади. Биз бундан умидвормиз.