Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 15 октябрдаги қарори билан Саримсоқпиёз ва тўқсонбости усулида сабзавот маҳсулотларини етиштирувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмаси ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари ташкил этилди.

Ҳужжатга кўра, Андижон вилоятининг Булоқбоши туманида Саримсоқпиёз етиштирувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмаси ташкил этилганлиги, 400 гектар майдонда кластер усулида аҳоли хонадонларини бириктириш орқали саримсоқпиёз етиштириш йўлга қўйилди. Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун Булоқбоши тумани ҳокимлигига 7 миллиард сўм миқдоридаги маблағлар Марказий банк асосий ставкасининг 50 фоизи миқдорида 1 йиллик муддатга ссуда сифатида ажратилади.

Август пиёзи, саримсоқпиёз ва тўқсонбости усулида сабзавот экинлари уюшма таклифига мувофиқ пахта ва ғалла майдонларидан қисқартирилган, фойдаланишга киритиладиган, захирадаги ерлар, шунингдек, такрорий экин сифатида ғалладан бўшайдиган ва бошқа ер майдонларига жойлаштирилади.

Ушбу экинларни етиштириш «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури доирасида ажратиладиган, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси, халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Маълумот учун, экинларни кузда экиб, қор остида қолдириш усулига тўқсонбосди дейилади. Бунда қишнинг тўқсон куни назарда тутилади. Натижада бундай экинларнинг уруғлари эрта кўкламда ердан жуда барвақт униб чиқиб, тез ривожланиши ҳисобига эрта ҳосил беради.