Олий Мажлис Сенати аъзоси Шухрат Мадаминович Ғаниев бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тасдиқланганлиги муносабати билан Сенат аъзолари рўйхатидан чиқарилмоқда. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарори қабул қилинган.

У 2011−2012 йилларда Фарғона вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи, 2012 йилдан Фарғона вилояти ҳокими сифатида фаолият юритган.

Шуҳрат Ғаниев мазкур лавозимда 2020 йил февралидан буён бош вазир ўринбосари сифатида ишлаб келаётган, сентябрда коронавирус оқибатида бевақт вафот этган Ўктам Барноевнинг ўрнини эгаллади.

Маълумот ўрнида, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида"ги Қонуннинг 4-моддасига кўра депутат ёки сенатор ваколатлари «у қонунга кўра депутатлик, сенаторлик ваколатларини амалга оширишига номувофиқ бўлган лавозимга сайланган ёки тайинланган тақдирда» муддатидан илгари тугатилади.