Nvidia компанияси нейротармоқлар ва сунъий интеллект ёрдамида ишлайдиган Maxine хизматини таклиф қилди. У дастурчиларга ўз маҳсулотларида видеоқўнғироқлар сифатини оширишда ёрдам беради. Бундан ташқари Maxine товушдаги ортиқча шовқинни бартараф эта олади. Технология ҳозирда фақат бир гуруҳ дастурчилар ва Nvidia ҳамкорларига синов тариқасида тақдим этилган.

Компания таъкидлашича, Maxine технологиясининг асосий афзаллиги — видеони сиқиш. Бу видеоқўнғироқлар томонидан келиб чиқадиган тармоқ босимини камайтиришда ёрдам беради.

Видеони сиқиш технологиясининг ишлаш намунаси. Видео: Nvidia Developer канали

Видеони сиқишда платформа экраннинг барча қисмини қамраш ўрнига, алоҳида нуқталарни таҳлил қилади. Сўнгра суҳбатдош қурилмасида алгоритмлар ёрдамида видео тикланади.

Бундан ташқари агар фойдаланувчи камерага ён томон билан қараб турган бўлса, Maxine тасвирни тўғрилайди ва фойдаланувчи суҳбатдош билан юзма-юз гаплашиши мумкин. Агар фойдаланувчи видеоқўнғироқ давомида ҳаракатланса, Nvidia уни доим кадрда ушлаб туради. Орқа фонни олиб ташлаш, виртуал 3D-аватарлардан фойдаланиш каби функциялар ҳам мавжуд.

Maxine технологиясининг имкониятлари. Фото: Vc.ru

Maxine технологияси Nvidia компаниясига тегишли бўлган Jarvis SDK ёрдамида видеоқўнғироқ аудиосини матн кўринишида чиқариши ёки бошқа тилга таржима қилиши ҳам мумкин.