Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятида фаол қатнашаётган фуқароларни рағбатлантириш тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасини жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилди.

Ҳужжатда қайд этилишича, вазирлик томонидан апрель ойида ишлаб чиқилган янги таҳрирдаги «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида"ги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилган. Янги таҳрирда қуйидаги тушунчаларни ўз ичига олган:

кўчабоши — фуқаролар йиғини ҳудудидаги кўчаларнинг географик жойлашувига қараб, аҳолининг умумий йиғилишида сайланган ва улар номидан фуқаролар йиғинида фаолият олиб борадиган, уларнинг қонуний манфаатларини ифода этадиган фуқаро;

уйбоши — фуқаролар йиғини ҳудудидаги кўп квартирали уйларнинг географик жойлашувига қараб, аҳолининг умумий йиғилишида сайланган ва улар номидан фуқаролар йиғинида фаолият олиб борадиган, уларнинг қонуний манфаатларини ифода этадиган фуқаро.

Қарор лойиҳасида 2021 йилнинг 1 январдан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятида фаол қатнашаётган кўчабоши ва уйбошиларни рағбатлантириш тариқасида уларга коммунал хизматлар учун мажбурий тўловлар бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида (111500 сўм) ҳар ойда компенсация пул тўловлари (маҳаллий бюджетларнинг қўшимча маблағлари ҳисобидан) тўлаб бериш таклиф қилинмоқда.

Кўчабоши ва уйбошилар фаолиятининг самарадорлиги қуйидаги асосий кўрсаткичлар динамикасини таҳлил қилиш орқали баҳоланади:

  • фуқаролар йиғини билан узвий ҳамкорликни йўлга қўйганлиги;
  • уй-жой мулкдорларининг уйдан самарали фойдаланиш борасидаги фаол иштирокини таъминлаганлиги;
  • уй-жой мулкдорлари томонидан коммунал ва фойдаланиш туловларининг ўз вақтида тўланиши юзасидан жамоатчилик назоратини ўрнатганлиги;
  • белгиланган тартибда кўча ва уй дафтарларини юритиб борганлиги;
  • бириктирилган кўча ёки уйда аҳоли хавфсизлинини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш юзасидан тегишли тадбирларни белгилашда ҳудуд профилактика инспектори билан узвий алоқа ўрнатилганлиги;
  • бириктирилган кўча ёки уйда ва унинг атрофида ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларини ташкил этиш, бу борада ҳашарлар, шанбаликлар каби жамоат тадбирларини ташкил этиш ва мазкур тадбирларнинг ўтказилишида фаол иштирок этганлиги;
  • ноқонуний қурилишларни, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ҳудудларни аниқлаш ҳамда тегишли мутасадди идораларга хабар беришишдаги фаоллиги;
  • аҳоли ўртасида мамлакатимизда амалга оширилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналишлари, кенг кўламли ислохотларнинг моҳияти, қабул қилинган қонун ҳужжатлари ва давлат дастурлари аҳамиятининг тарғибот ва ташвиқотини ташкил қилганлиги.

Бундан ташқари, кўчабоши ва уйбошилар фаолиятининг самарадорлиги ҳар чоракда шаҳар (туман) Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан баҳоланади. Ўз навбатида, маҳалла раиси компенсация тўланиши ҳақидаги таклифни вазирликка тақдим этиши керак.

Қарор лойиҳаси муҳокамалари 21 октябрга қадар давом этади.